Фарзандимизни топиш ва қизимизни даволатиш йўлидаги курашимиз

Shoyad, biz(biologik ota-ona)ning ushbu yoshlik suratlarimizga farzandimiz(yoki uni yaqinlari)ning nazari tushib ko'ngliga sezgi bersa!

Шояд, биз(биологик ота-она)нинг ушбу ёшлик суратларимизга фарзандимиз(ёки уни яқинлари)нинг назари тушиб кўнглига сезги берса!

Сўз боши: Юртдошларга.  

Азиз юртдошлар, Аллоҳ рози бўлсин сизлардан! Туғруқхонада алмаштириб қўйилган фарзандимизни топиш ва қизимизни даволатиш йўлидаги курашимиз саҳифаларидан иборат қуйидаги фожиа-ҳикоямни баён этар эканман, шояд ҳикоям биологик фарзандимиз яқинлари ёки ушбу муаммоимиз ечилишига таъсир этиши мумкин бўлган олийжаноб мутасаддилар қулоғига етиб борсаю, мақсадимиз – фарзандимиз ўсган оилага мутлақо малол келтирмаган ҳолда, “фарзанд ва ота-она бир-бирларини билиши лозимлиги” ҳақидаги Аллоҳ фарзини ва инсонийлик бурчини адо этишлик эканлигига улар ишонч ҳосил қилишса ва  муаммоимиз ечим топса деган умидда, дуо қилишингларни, имкон бўлса ушбу мақола ҳабарини тарқатишингларни сўрайман.

Шу эзгу ва қонуний орзуимиздан ташқари, фарзандимиз оиласи хоҳишига зид ҳеч қандай ҳаракат содир этмасликка аҳду-паймон қилганмиз. Биз билан мулоқотни давом этдириш-этдирмаслик ҳам, албатта, уларнинг хоҳишича бўлгай. Аслида, фарзандимиз оиласига (улар изн беришса) оқибат кўрсатиш ҳам орзуимиз. 

Биринчи саҳифа: Навбатдаги бахтимизни кутган кунимиз. 

1987 йил март ойининг 20–куни аёлим, тўлғоқ яқинлашаётганини, Тошкент шаҳридаги 3-сон туғруқхонага бориши лозимлигини айтиб, тайёргарлигини кўрабошлади. Биз яшаётган квартирадан туғруқхонагача бўлган масофа тахминан 1 км эди. Квартирада 5 ёшли ва 18 ойли икки қизимизни қолдириб, аёлимни туғруқхонага олиб кетдим. Қайтиб келсам, кичик қизим ваннахонадан кир ювиш порошогини олиб чиқиб, этаги-оёқларига сочиб хонада ўйнаб ўтирган экан. Порошокни оғзига солган бўлиши мумкин деб, “эсим чиқиб кетди». Тезда шаҳар 1- шифохонасининг болалар бўлимига олиб бордим. Тонг отгунча шифохонада қизимни текширишди, аниқлашларича порошокдан оғзига солмаган экан. 

21-март куни эрталаб туғруқхонага бордим. Ҳузуримга арман миллатига мансуб кўринган врач чиқиб, қиз фарзандли бўлганимиз хушхабарини ва аёлим бошидан кечирган хавфли ҳолат орқада қолганини айтди.  Илмий ходим экансан деб, рад этишига қарамай, мен врачга миннатдорчилик билдириб қанчадир суюнчи бердим. 

Иккинчи саҳифа: Аёлимнинг хотиралари. 

Кенжа фарзандимизнинг дунёга келган вақти, туғруқ картасида 1987 йил 20-март соат 23 дан 55 дақиқа ўтганда деб қайд этилган.  Аёлим кўп йиллар ўтиб ҳикоя қилишича, бу жараён у учун жуда оғир кечган. У 5 соатга яқин ҳушсиз ётган. Унинг айтишича, аниқ эсида қолгани, ҳушига келганида ёнидаги тўлғоқ столига бир аёлни ётқизишади. У аёлнинг кўзи ёриш жараёни енгил ўтади. Бир оз гаплашишади. У аёлнинг кўриниши хотинимнинг хотирасида қолади. 

Учинчи саҳифа: Аёлимнинг шубҳаланишлари. 

Туғруқхонада бизга тақдим этилган чақалоқ-қизчамиз Малика ўзини тутабошлаганида бўйни қийшиқлиги маълум бўлди. Узоқ вақт 1-Қорақамиш массивидаги болалар поликлиникасида муолажа олдик. 

Қизчамиз улғаябошлагани сари, аёлим тез-тез: “У бизга ўхшамаяпти, туғруқхонада алмашиб қолмадимикан? Қизимиз туғруқхонада мен билан ёнма-ён кўзи ёриган жувонга ўхшаб кетаяптия”, дейдиган бўлиб қолди. Сиртимда хотинимни юпатишга ҳаракат қилсамда, қалбимни ғулғула босар эди. У аёлни қандай излашни ўйлар эдим. Бирон эҳтиётсиз ҳаракатим у аёлнинг “изини” бутунлай йўқотишга олиб келишини фикран ҳис қилар эдим. Шу сабабдан, давлат идораларига ошкора мурожаат этмадим, ўзимча уринишларим эса муваффақиятсиз чиқаверди.

Аёлимда биринчи шубҳа аслида туғруқхонадан чиқаришаётганида уйғонган экан. Орадан йиллар ўтиб турмуш ўртоғим айтиб беришича, уйга кетиши олдидан, туғруқхонада бизга “тақдим этилган” қизимизни йўргаксиз ҳолда биринчи бор кўрганида, “бу  менинг болам эмас” деб рафиқам эътироз билдирган. Аммо унга чақалоқ қўлчасига боғланган ёрлиқни кўрсатишгандан сўнг, ноилож бошқа эътироз билдира олмаган. У, қувватсиз ҳолатда бўлгани туфайлими ёки ўзини адашдим деб ҳисоблаганиданми, ўша вақтда бу тўғрида  менга айтмаган. 

Тўртинчи саҳифа: Туғриқхона архивига кириш.

Ниҳоят, 2000 йил август ойида туғруқхона Бош врачи қабулига кириб, аёлим ўзидан 5 соатча кейин ёнидаги тўлғоқ столида кўзи ёриган аёлнинг яшаш манзилини топиб беришимни сўраётганини айтиб, ёрдам сўрадим. Бош врач хоним мени архивга йўллаб, менга ёрдам беришликни архив ходимасига тайинлади. 

Хотиним тушунтиргани бўйича, архивдан хотинимнинг ва у аёлнинг туғруқ карталарини топганимда, калаванинг учи кўрингандек, жуда хурсанд бўлдим. Биз қидирган аёлнинг исми шарифи Селембаева Фередей экан (исмлар ўзгартирилди). Афсуски, учи топилган калавани ечишга ҳануз имкон берилмаяпти. 

Бешинчи саҳифа: Қизимизнинг биологик ота онаси билан танишув. 

Фередейнинг турар жойлари Олимпия мавзесидаги Х-уй, Y-хонадонга ўзгарган экан. Фередейга кўзим тушганидаёқ, хотинимнинг шубҳаси тўғри эканига мутлақо ишонч ҳосил қилдим.  Қизимиз Фередейга “қуйиб қўйгандек” ўхшар эди. (Кейинчалик суд чақириқ қоғозини олиб борганимда, Фередейнинг кейинги – тўртинчи қизи эшикни очиб муомала қилган эди. У ва бизнинг қизимиз Малика “икки томчи сувдек” ўхшаш эдилар.) Фередейга, аёлим сизни топиб беришимни сўради, деб тушунтирдим. Эртасига аёлим билан Фередейнинг иш жойига бордик. Биз айтмасимиздан аввалоқ, Фередей ташрифимиз сабабини сезган экан! Биз, “текширтириб кўрайлик, шубҳамиз тўғри бўлиб чиқса, бизларнинг қизларимиз ҳам, сизларнинг қизларингиз ҳам яна биттага кўпаяди, ҳозирча қизларга билдирмаймиз, борди-келди қилиб турамиз, келгусида қандай йўл тутишни ўйлаб кўрамиз”, дедик.  Таклифимиз Фередейга маъқул тушди. У, тоғасиниг ўғли туғруқхонада рус оиласининг ўғли билан алмашиб қолганини ва 22 ёшида ўзи топиб келганини гапириб берди. 

Аёллар, эртасига қизлар билан бирга (уларга сездирмай), учрашишга келишиб олишди. Бироқ, Фередей учрашувга қизини олиб келмай, укаси билан бирга келибди. Маълум бўлишича, у эри ва ака-укалари таъсирида ўзи туққан фарзандидан тонишга рози бўлган экан. Фередейнинг акаси ва эри Алижон Селембаев (исмлар ўзгартирилди) билан гаплашиб кўриш ижобий натижа бермади. Уларни инсофга келтириш мақсадида, улар манзилидаги масжид имомидан ёрдам сўрадим. Бироқ, Алижон у масжидга қатнамас экан. Имомнинг маслаҳатига кўра, имом ҳамроҳлигида, муфтий муовини Шайх Абдулазиз Мансур ҳузурига бордик. У Ҳазрат, менинг сайи ҳаракатим динимиз нуқтаи назаридан тўғри эканини таъкидлаганлари ҳолда, Алижон Селембаев улар ҳузурига келсагина унга тушунтиришлари мумкинлигини билдиришди.  Афсуски, биз Алижон Селембаевни Ҳазрат ҳузурларига бошлаб келишнинг уддасидан чиқмас эдик.  

Олтинчи саҳифа: Прокурорларнинг қонунга зид ҳаракатларию ҳаракацизликлари. 

Мен Собир Раҳимов (ҳозирги Олмазор) туман Прокурорига (исми шарифи хотирамда йўқ, лавозимга янги тайинланган вақти экан) мурожаат қилдим. Прокурор менга босим ўтказди, бу масалани кўтарсам мени жазолаши ҳақида огоҳлантирди. Менинг қатъиятлигим туфайли, одам ДНК си бўйича суд-биологик экспертизаси ўтказиш ҳақида қарор чиқаришга мажбур бўлишди. Аммо, экспертиза жараёнида ҳам Прокуратура экспертларга босим ўтказаётгани аниқ намоён бўлди. Ҳақиқатан, биз эр-хотин ва қизимиз экспертиза учун қон намуналарини 2001 йил 16-мартда топширдик (бу экспертизада қайд этилган). Ўшанда лаборатория мудири, фан номзоди А.А.Икромов, экспертиза хулосаси 3 кунда  тайёр бўлишини, ота-оналик ва фарзандлик ҳақида узил-кесил аниқ хулоса берилишини айтган эди. Бироқ, 17 кун давомида сўровимга, «хулоса тайёр эмас» деб келишди. Лекин хулоса 2001 йил 29- март санаси билан расмийлаштирилган (хулосага илова қилинган компютер схемаларида эса, 30-март жума куни компютердан чиққани қайд этилган).  

957/12Д-сонли экспертиза хулосасида, «Не исключается рождение Тулагановой Малики 1987 г.р. от совместного брака Тулаганова Сабирджона и Тулагановой Мукаддам» дейилган. Аммо, экспертиза хулосасининг “Синтезирующая часть”ида: “Такой результат не позволяет сформулировать категорические выводы по отношению установления фактов биологического отсовства и  материнства”, деб тушунтирилган.  

21-аср бошида, ДНК экспертизаси орқали 7 шажара қариндошлигини аниқлаш мумкин бўлган замонда, бундай “аросатдаги” хулосани, фақат ва фақат, Прокуратура билан Х.С.Сулаймонова номидаги криминалистика маркази ўртасидаги “криминал келишув” оқибати деб изоҳлаш мумкин. Зеро, Ўзбекистон Олий суди 2001 йил 1-июндаги Пленуми  “Оталикни белгилаш ҳақидаги ишларни кўришда судлар томонидан қонунларнинг татбиқ этилиши тўғрисида”ги  қарорининг 14-банди 3-хатбошисида: “Суд мазкур тоифадаги ишларни кўришда одам ДНКси юзасидан тайинланган суд биологик экспертизаси, жавобгарни боланинг отаси ёки онаси эмаслигини аниқ белгилаб бериш имкониятларига эга эканлигидан келиб чиқиб…” – деган таъкид мавжуд. 

Бордию, бундай экспертиза хулосаси Прокуратура таъсирисиз берилган бўлганида, бу хулоса аризамиз бўйича Прокуратуранинг жиноий иш қўзғатиб, текширув ўтказиш ҳақида қарор қабул қилишига асос бўлиши лозим эди. Бироқ, С.Раҳимов туман прокуратураси, бу хулосани жиноий иш қўзғатишни рад этишга асос деб кўрсатди. Тошкент шаҳар прокуратураси ҳам (2001 йил 4-май, №15/139-01), Республика Бош прокуратураси ҳам (2001 йил 16-июл, №15/523-2001) туман прокуратураси қарорини тўғри деб топди. 

Шундан сўнг, мен Бош прокурор ўринбосари Э.Т.Жўраев қабулига кирдим. Бош прокурор ўринбосари менга, «Эҳ домла, сиздан бошқа одам бўлса, қизини у оилага етаклаб бориб аллақачон масаласини ҳал этар эди, сиз қонуний ҳал этаман деб, идорама-идора юрибсиз. Майли, ҳал қиламиз» деб, мени умидвор қилди.  Бироқ, мендан кейин, Бош прокуратурадаги аввалги рад жавобини йўллаган бўлим бошлиқлари Э.Т.Жўраевни “йўлдан уришди” чамаси, у сўзининг уcтидан чиқмади. 

Ниҳоят, Бош прокурор Рашиджон Қодиров қабулига кирдим. Бош прокурор жаноблари мени обдон эшитиб, “маслаҳатлашиб сизга жавобини етказамиз” деди. Маслаҳатлашиб, Бош прокурор ўринбосари Э.Т.Жўраев имзоси билан 2001 йил 14-сентабрда йўллашган №15/523-2001-сонли жавоб хатида, жумладан, шундай дейилган: “…ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарор Республика прокуратураси томонидан асосли деб топилган. Боланинг насл-насабини, қайси онадан туғилганлигини ва унинг отаси кимлигини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 60-63-моддаларида судлар томонидан амалга оширилиши кўрсатилган. Шу боис, юқорида кўрсатилган масала юзасидан Сиз Фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишингиз мумкин. Агарда суд муҳокамасида Сиз киритган масала юзасидан бирор-бир жиноят аломатлари мавжудлиги ҳолати аниқланган тақдирда, тегишли ҳужжатлар прокуратурага тақдим қилинса, жиноят иши қўзғатиш ва айбдорларга нисбатан жавобгарлик ва жазо муқаррарлигини таъминлаш масаласи ҳал қилинади”.  

Бу фикрнинг мантиқдан йироқлиги равшан. Чунки чақалоқлар алмашиб қолган бўлса, бу уларнинг шўхлиги натижаси эмас, балки жиноят туфайли бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам, жиноят иши қўзғатилиб, жиддий текширув ўтказилиши лозим эди. Қолаверса, Оила Кодексининг улар асосланишаётган моддаларида бутунлай бошқа ҳолатлар назарда тутилгани ойдин.

Еттинчи саҳифа: Бир шубҳага етакловчи фактлар. 

Аниқ ишонч билан айтишим мумкинки, мен мурожаат қилган мутасаддиларнинг ҳеч бирида туғруқхонада фарзандимиз ҳақиқатда алмаштириб қўйилганига шубҳа қолгани йўқ. Бироқ, кўплари ҳақиқат очилмаслигига ҳаракат қилишган бўлса, айримлар ҳақиқатни очишни хоҳлашсада, бошида «калтак синишидан» қўрқишди. Туман Прокуратурасида ҳақиқатни аниқлаш истаги бўлганида эди, улар қуйидаги муҳим фактларнинг тагига етишган бўлишар эди: 1). Қизимиз ўзини тутабошлаганида бўйни қийшиқлиги маълум бўлган. Узоқ вақт 1-Қорақамиш массивидаги болалар поликлиникасида муолажа олган. Менинг аёлимнинг туғруқ картасида чақалоқда ҳеч қандай муаммо қайд этилмаган; 2).Фередейнинг туғруқ картасида эса, чақалоқ бўйнига йўлдоши ўралиб туғилгани ва қандайдир муаммоси қайд этилган; 3).Фередей туғруқҳонага тушишидан аввал 5-кварталдаги сумкалар тикиш фабрикасида тикувчи бўлиб ишлаган; 4).Бир гал судда Фередей, фарзанди алмашиб қолмаганини асосламоқчи  бўлиб, ўша туғруқхонада янгаси (акасиниг аёли) ҳамшира бўлиб  ишлашини, шунинг учун тўрттала қизлари ҳам шу туғруқхонада янгаси назоратида дунёга келганини гапирган эди. 

Аслида, бу фактлар биргаликда қаралганда, чуқур текширувга асос бўладиган шубҳага етаклайди. Ваҳоланки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам текширув ўтказгани ҳақида маълумот ва «чақалоқлар алмашмаган» деган хулоса берган. 

Саккизинчи саҳифа: Бош прокуратуранинг ноқонуний тавсиясига риоя қилишимиз. Судларда ишимизнинг “футбол” қилиниши. 

Фарзандимизни топиш йўлида, Бош прокуратура тавсиясига риоя қилиб, судга даъво ариза киритишдан ўзга чорамиз йўқ эди. 2001 йил 18-майда ФИБ Тошкент шаҳар суди раисига мурожаат этиб, ФПКда йўл қўйилганига кўра, масаланинг нозиклигини инобатга олиб, даъво аризамизни шаҳар судида кўришни сўрадик. Суд раиси бизни бу йўлдан қайтармоқчи бўлиб тазйиқ қилди. Даъво аризамизни қабул қилиш шаҳар судида рад этилгач (12.06.2001, №Д-5102), ФИБ Шайхонтоҳур туманлараро судига мурожаат этдик. Суд раиси Ш.Раҳмонов эса, шаҳар суди раиси билан маслаҳатлашиб, кейин жавоб беришини айтди. Ниҳоят, судя Д.Абдуқодирова даъво аризамизни ўз иш юритувига олганлиги ҳақида 23.07.2001 санада ажрим чиқарди (2-325/02 сонли фуқаролик ишининг 1-бети). 

Судя ҳужжатларни ўрганиб, қизимизнинг суратини икки она билан солиштириб, даъвоимиз асосли эканига шубҳаси йўқлигини яширмаётган эди. Аммо у, суд раиси хоҳишига қарши, ҳақиқатни акс этдирган қарор чиқаришга ботина олмади чоғи, шу билан бирга раис истаган қарорни чиқариб беришга виждони йўл бермади шекилли, иш кўрилмасдан чўзилгандан-чўзилди. Ишни кўрмасдан қолдириш ҳақида 2001 йил 26-октябрда ажрим чиқарилди. Суд, бизнинг аризамизга кўра, 12-декабрда ишни кўришга тиклаш ҳақида ажрим чиқарди, бироқ суд процесси давом этмади. Ниҳоят, судя Д.Абдуқодирова 2002 йил 2-январда суд раиси Ш. Раҳмонов номига билдиришнома битиб, ўзи раислик этаётган бу ишни бошқа судя иш юритувига олиб беришни сўраган. Суд раиси, 2002 йилнинг 7- январида, бу билдиришномага, “М.Абдуваҳобова суд мажлисида мазмунан кўриб чиқинг” деб қарор қўйган (бу тафсилотлар, иш ҳужжатлари билан 2006-йил 17- апрел куни танишганимда маълум бўлди).

Иш бошқа судя иш юритувига ўтказилиши мантиқсиз қарор эканлигини асослаб, 11.01.2002 да суд раиси Ш.Раҳмоновга ариза билан мурожаат этиб, ишни аввалги судя охиригача кўришини илтимос қилдим. Жавоб бўлмади. Ишни чақириб олиб шаҳар судида кўрилишини сўраб 23.01.02 санада ФИБ Тошкент шаҳар судига мурожаат билан бордим. Суд раиси К.Комилов, аризамизга жавоб почта орқали юборилишини айтган бўлсада, жавоб олмадик. 

Тўққизинчи саҳифа: Судянинг чегарасиз беписандлиги. 

2002 йил 31- январ куни соат 21 лар чамаси уйимга суд чақириқ қоғози олиб келишди. Унда, 1-феврал куни соат 10 да Шайхонтоҳур туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судида ҳозир бўлишим, ДНК экспертиза хулосаси билан танишишим лозимлиги айтилган эди. 1-феврал куни Шайхонтоҳур туманлараро судида менга экспертиза хулосасини тақдим этишди ва бир неча кундан сўнг ҳал қилув қарорини олиб кетишим мумкинлигини айтишди. Ниҳоят, 2002 йилнинг 15-феврал куни ҳал қилув қарорини олдим. Кейинчалик билсам, Шайхонтоҳур туманлараро фуқаролик судида, менга экспертиза хулосасини ҳамда ҳал қилув қарорини тақдим этган аёл суд котибаси экан, яъни судя М.Абдуваҳобовани биз бирор марта учратмаган эканмиз. У судя, биздан яширин ҳолда, 24.01.2002 санада Суд ДНК экспертизаси ўтказиш ҳақида ажрим чиқарганини, 2002 йилнинг 1-феврал куни, “Судга узрсиз келишмади” деб, бизнинг иштирокимизсиз, ишни кўриш ҳақида ажрим чиқарган ва шу куни ҳал қилув қарори чиқариб расмийлаштирган экан. Келтирилган важнинг ўхшамаганини қарангки, 2 йил мобайнида прокуратура ва суд эшикларини тинимсиз қоқаётган даъвогарлар суд мажлисига келмаган эмиш.  Ажримда, ФПКнинг 174-моддасига асосланилгани ҳақида таъкид ҳам мавжуд. Ваҳоланки, ФПКнинг 174-моддасида ишни жавобгар иштирокисиз кўриш назарда тутилган бўлиб, судя бу модда моҳиятини ўзбошимчалик билан ўзгача талқин этган. Иш ҳужжатлари ичида уйдирма суд мажлислари тўғрисида узуқ-юлуқ баённомалар тўлдирилган, мажлисларга тарафлар келган-келмагани ҳам ёзилмаган, чақириқ қоғозлар имзосиз тўлдирилган.  Суд ҳужжатлари қалбакилаштирилган бўлсада, судянинг саводсизлиги шунчаликки, бу ҳужжатлардаги процессуал номувофиқликларни кўрсатиш учун хуқуқшунос бўлиш ҳам шарт эмас. Қарангки, даъво аризамизни 2001 йил 23-июлда ажрим чиқариб ўз иш юритувига олган судя Д.Абдуқодирова 2002 йил 2-январгача, ёхуд 162 кун давомида маҳкамага раислик этган. ФПКнинг 29- моддасида ишни кўришдан судя ўзини ўзи рад этишини қабул этиш ёки этмаслик юзасидан фақат биринчи босқич суд раиси томонидан махсус ажрим чиқарилиши кўзда тутилган. Бироқ 165 варақдан иборат суд ҳужжатлари ичида бундай ажрим мавжуд эмас. Демак, ФПКнинг 151-161-моддалари талабига кўра, аризамизни кўришни давом этдириш юридик жиҳатдан судя Д.Абдуқодирова зиммасида бўлган ёҳуд судя М.Абдуваҳобова ваколат доирасидан четга чиқиб ҳал қилув қарори чиқарган. Ўз  навбатида, ЎзР ФПКнинг 11-моддаси 2-бандида “Ишни кўриш  жараёнида судя алмаштирилган тақдирда, иш бошдан қайта  кўрилиши”, 152-моддаси 2-банди ва 161-модда талабига кўра,  “янги” судя эса, иш қўзғатиш, жумладан ишни суд мажлисида  кўришга тайёрлаш ҳақида ажрим чиқариши шартдир. Судя М.Абдуваҳобова қонуннинг мазкур талабларини ҳам назар-писанд  қилмасдан ҳал қилув қарори чиқарган. 

Экспертиза ўтказиш ҳақида 2002 йил 24-январда ажрим чиқарилиб, 25-январда 40-поликлиникада Фередей, унинг эри Алижон Селембаев ҳамда уларнинг қизи Селембаева Надиранинг (исмлар ўзгартирилди) қонларидан намуналар олингани, 28-январда эса 99,99% аниқлик билан хулоса тайёр бўлгани қайд этилган. Аввалги, икки эксперт томонидан тайёрланган, «мужмал» хулоса учун 17 кун кутишга тўғри келган эди. Энди эса, 1 йиллик иш тажрибага эга бўлган эксперт, икки ҳисса кўп саволга 4 иш кунида “аниқ жавоб” тайёрлаб берган. Бу экспертиза ҳақиқатда ўтказилганлигига шубҳа асосли эди. Ўтказилган бўлса, нечун биздан яширинча ўтказилган? Олий суднинг юқорида қайд этилган Пленуми қарорининг 16 (в) бандида, “Ҳар қайси томон (гумон қилинган ота-она) ва боланинг қон намуналари бевосита суд экспертизаси муассасасида олиниши мақсадга мувофиқ”лиги  кўрсатилган. Нечун қон намуналари 40-поликлиникада олинган? Алижон Селембаев, кейинчалик суд саволига жавобан, қон намуналарини экспертиза муассасасида топширишганини айтди. Аммо экспертиза муассасаси қаерда жойлашгани ҳақида у тахминий тасаввурга ҳам эга эмаслиги ошкор бўлди.

Ўнинчи саҳифа: Ваколатли мулозимларга бесамар мурожаатларимиз. 

Мазкур масала бўйича дуч келган барча салбий ҳолатларни баён этиб, босқичма-босқич Олий суд раҳбарларигача шикоят билан мурожаат этдик. Олий суд раисининг ўринбосари Б.Жамолов ҳам, шахсан ўзи арзимизни эшитган бўлишига қарамай, бизни эштмагандек, шикоятимизни ўқимагандек, мантиқдан йироқ жавоб йўллади (18.12.2002 й. № 02-28/845 ГС). Ваҳоланки, юқорида зикр этилган Пленумнинг “Фуқаролик ишларни апелляция, кассация ва назорат тартибида кўриш амалиёти ҳақида”ги  қарорининг 18-бандида “Судлар шикоятларда кўрсатилган важларга батафсил асослантирилган жавоб беришлари лозим”лиги аниқ-равшан белгиланган. Олий суд раиси Ф.Муҳитдинова, Олий суд раиси А.Ишметов, Олий суд раиси вазифасини бажарувчи Н.Тошматов номларига топширилган аризаларга ҳам, Олий суд Пленумига йўлланган шикоятга ҳам, Президентга кўп марта йўлланган мурожаатларга ҳам, қонун талабига зид равишда, Олий суддаги масъул бўлмаган шахслар имзоси билан жавоблар олавердик. Шундай қилиб, мутасадди идоралар эшикларидаги сарсонгарчиликлар ҳам ҳеч қандай натижа бермади. 

Ўн биринчи саҳифа: Ёвузликни тасодифий хатоликка йўйганлигим пушаймони. 

Соддаликми ёки Совет реалликларини яхши тасаввур қилмасликми, ҳарқалай мен, бошланишда, аёлим тушунтиргани бўйича, бизнинг фарзандимиз ўша жувон(Фередей)нинг хонадонида деб, чақалоқлар кимнингдир айби билан тасодифан алмашиб қолган деб, яхши талқинда фикрлаганман. Шунинг учун, туғруқхона архивида аёлимнинг ва Фередейнинг туғруқ карталаридан нусха олиш билан кифояланганман.  

Фередейнинг оиласи ва Прокуратура тескари позицияда ҳаракатга ўтишгач, Фередей Селембаевага туғруқхонада «тақдим қилинган» қиз Надирани яширинча кўришга ҳаракат қилдик. У қизда на тарбиялаётган ота-онасига ва на бизга ўхшашликнинг ҳеч қандай аломати йўқ эди. Яъни, бизнинг биологик фарзандимиз туғруқхонада қайсидир 3-оилага тақдим қилинган, камида учта чақалоқ алмаштирилган бўлган. Шунда, ҳаракатимда катта хатоликка йўл қўйганимни англадим. Туғруқхона архивига кирганимда, бизнинг фарзандимиз туғилган кун ва олдинги – кейинги 2 кун ичида туғилган чақалоқлар карталаридан ҳам кўчирма олган бўлганимда, албатта ўз биологик фарзандимизни  аллақачонлар топган бўлар эдик, деб афсусдаман. Бироқ, хатоимни англаганимда «туғруқхона эшиклари ёпилган» эди. 

Ўн иккинчи саҳифа: Фарзанди билан кўришишни рад этган она.  

2006 йилнинг апрел ойида, қизимиз биологик онаси Фередейга телефон қилиб ўзини таништириб, бир марта кўришиб гаплашишга розилик беришни илтижо қилади. Маликанинг илтижосини Фередей рад этади. Қизим бундай тошбағирлик бўлиши мумкинлигига ишонгиси келмай, ФИБ Шайхонтоҳур туманлараро судига ҳақиқий ота-онасини аниқлаб беришликни сўраб мурожаат этади. Бу суд ва Тошкент шаҳар аппеляция суди, ҳамкорликда сарсон-саргардон қилиш “ўйинларини” такрорлашади. Ниҳоят, 17.11.2006 санада биринчи босқич Суди томонидан даъвони рад этувчи ҳал қилув қарори чиқарилади ва Аппеляция суди уни ўзгаришсиз қолдиради. Судларнинг бу ғайри қонуний қарори кейинчалик қизимизнинг даволаниши учун қондошидан Донор топишимизга тўсиқ бўлди.  

Ўн учинчи саҳифа: Фан докторига “ҳуқуқбузар” унвони инъом этилиши. 

Фуқоролик ишлари бўйичаТошкент шаҳар суди раиси Козимжон Камилов, ушбу масалани кўтармаслигим учун, менга тазйиқлар қилди. Оғзаки тазйиқлари менга кор қилмагач, мени итоаткор қилиш учун амалий чоралар кўришга ўтди. Шаҳар судида ишловчи қўриқлаш бўлими ходими номидан, мен ва бир маслакдошим 2006 йил 19-март куни суд биносида ҳуқуқбузарлик қилганимиз ҳақида, билдирги уюштирди ва Мирзо Улуғбек туман прокуратурасига, бизга қарши чора кўришликни сўраб, 31-март куни мурожаатнома юборди.  Қолган расмиятчиликлар рисоладагидек ижро этилиб, Жиноят ишлари бўйича М.Улуғбек судининг 2006 йил 5-июн кунги қарори билан мен ва маслакдошим МЖКнинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлар деб топилиб, 28200 сўмдан жарима жазоси тайинланди.

Ўн тўртинчи саҳифа: Қўрқинчли ташхис. 

Малика ЎзМУ бакалавриятининг битирув курсида ўқиётган, “Ипотека банк”да иккинчи тоифали мутахассис бўлиб ишлаётган эди. Надоматлар бўлсинки, яқин шажарасида кўп кўриниш берган «оқ қон» хасталиги Қизимизнинг ҳам тақдирига ёзилган экан. 2006 йили сентабр ойида қизимиз «Ўткир миелобласт лейкоз» касалига чалингани аниқланди. Қизимиз «Гематология ва қон қуйиш шифохонасида», бир неча бор, қон таркибида тромбоцитни тиклаш, даволаш курсини олди. Бироқ, Ўзбекистонда бу хасталикни замонавий даволаш усуллари йўлга қўйилмаган экан. Соғлиқни сақлаш вазирлиги комиссияси хориж клиникаларига мурожат қилишликни тавсия этишди. Қатор хориж клиникаларига мурожаат қилдик. Шу касаллик бўйича Туркиянинг мутахассислари трансплантация ўтказадиган Бишкекдаги клиникага қизимни консультацияга олиб бордим. Ҳаммалари, ТРАНСПЛАНТАЦИЯ учун касалнинг яқин қондошидан ДОНОР кераклигини айтишди. Биз ва катта қизларим ДОНОРликка мос келмадик. 

Ўн бешинчи саҳифа: Донорликка илтижо мақола. “Қамоқ” эҳтиёт чораси. 

 Фередейнинг оиласига таъсир ўтказиши мумкин бўлган бирор ҳурматли инсон эшитиб, шояд донор муаммоси ҳал бўлса деган умидда, 2007 йил 29-март куни «Ҳимоя–Жараён» газетасида, воқеа тафсилоти баён қилинган, «Қизимнинг қондошларини қидираман» сарлавҳаси остида илтижо мақола эълон қилдим. Мени жазолаш истагида бўлганлар мақолага тескари эффект беришди шекилли, Селембаева Фередейнинг аризаси бўйича, Юнусобод туман Прокуратурасида Прокурор ёрдамчиси Отабек Қосимов суриштирув иши олиб борди. Чақириқ бўйича мен унинг ҳузурига борганимда, қизим Маликанинг суратини унга кўрсатдим. Шунда Отабек Қосимов: «Ие, бу анави хотиннинг (у Фередейни назарда тутаётган эди) худди ўзи-ку. Мен бу суратни Прокурорга кўрсатаман, сизга ёрдам бераман», деди. Прокурор ёрдамчиси сўзининг устидан чиқди. Бир-икки расмиятчиликдан сўнг, мени  Прокуратурага қайта чақиришмади.  

Бироқ, тўрт ой ўтиб, август ойида Юнусобод туман терговчиси майор Алматов тўсатдан телефон қилиб, терговга чақирди. Биринчи эътиборимни тортган ҳолат шу бўлдики, Тергов бўлимига келганимда, терговчи ўзи олдимга чиқиб, мени кириш назорат пунктида расмийлаштирмай, хонасига бошлаб чиқди («ҳурмат-иззат»ни қаранг). У, “Ҳимоя-Жараён” газетасида эълон қилган мақолам бўйича, Юнусобод туман Прокуратураси жиноий иш қўзғатганини ва тергов иши унга топширилганини менга маълум қилиб, мени сўроқ қилабошлади. Кўринишдан, шошилинч буйруқ телефон орқали берилган бўлса керакки, иш билан танишиш истагини билдирсам, терговчи иш ҳали прокуратурадан келмаганини айтди. Мен эса, иш билан танишмасдан туриб саволларга жавоб бермаслигимни билдирдим. Терговчи (чамаси, унга куч ишлатмаслик ҳақида кўрсатма бўлган) гувоҳлар чақириб, “терговни рад этди” деб, ишни расмийлаштирди. Шу тариқа, кўп ўтмай иш судга оширилди. Ишни кўриш, Жиноий ишлар бўйича Юнусобод туман судида, судя У.Ш.Давроновга топширилган экан. Судя, жиноят иши билан тўлиқ танишиб чиқишимга ҳам имкон бермай, суд мажлисини 19-сентабрга тайинлади. Бизда, лозим топилса, Прокурор, терговчи, адвокат ва судялар, гумонланувчига қарши, бир тану– бир жон бўлиб фаоллик кўрсатишади. 2007 йилнинг 19-сентабр куни, биринчи Суд мажлиси бошланишини кутиб турганимизда, адвокатимга телефон бўлди ва у, “кетишим керак” деб, жўнаб қолди. Судя У.Ш.Давронов, биринчи суд мажлисини очиб, менга «қамоқ эҳтиёт чораси» қўллаш тўғрисида Ажрим чиқарди. 

Ваҳоланки, туҳмат тарзида малакалашган, ўша мақолада бирор туҳматли, ёинки Фередейнинг шаънига шубҳа маъносида талқин қилиниши мумкин бўлган жумла ишлатилган эмас.  

«Ҳимоя–Жараён» газетасида эълон қилинган мақола интернет сайтларида ҳам эълон қилинган эди. Менга кейинроқ маълум бўлишича, менинг ноҳақ қамалишим халқаро матбуотда резонанс берган. «Ҳимоя–Жараён» газетасида эълон қилган мақолам, Суд томонидан менинг қамалишимга расман асос қилиб кўрсатилаётган бўлсада, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фикрича, судланиш ва қамалишнинг норасмий асл сабаби менинг 2007 йилнинг июль–сентабр ойларида кўп интернет сайтларида кетма–кет эълон қилинган “Олий таълимдаги уюшган жиноятчилик”, “Профессор-ўқитувчиларни манқуртликка ундовчи низом”, “Олий таълимдаги ношудликлар” номли мақолаларим бўлган. 

Суд якунига қадар 19 кун давомида мени Тоштурмада сақлашди. 2007-йилнинг 8-октабр куни, энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида жарима Ҳукми билан мени Суд залидан озод этишди. Бироқ Ҳукмда, суднинг бошланиш куни кўрсатилмай, 25.09.2007 йилдан менга “Қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилгани қайд этилган. Ваҳоланки, менинг қамалганим тўғрисида 24.09.2007 да интернет сайтларида эълон қилинган айрим мақолалар “Google” хотирасида ҳамон сақланган.

Ўн олтинчи саҳифа: Даволатишга умид. АҚШга сафар.  

Қизим “Гематология” шифохонасида “даволаш” курсини олиши ҳам осон кечмаётган эди. Дори-дармон ва қуйишга қон билан таъминлаш учун шаҳар транспортида елиб-югурар, қизимнинг даволаниши учун нажот излар эдим. Кунларнинг бирида, АҚШдаги “Туркистон Америка жамияти”нинг раиси жаноб Абдуллаҳ Хўжа уйимга ташриф буюрди. У бизнинг оиламиз бошига тушган фожиадан интернет орқали хабар топган ва Ўзбекистонга, Ўзбекистон президенти сайловида кузатувчи мақомида иштирок этиш учун, ташриф буюрган экан. У, Тошкент билан АҚШнинг «Seatlle” шаҳри орасида биродарлашув шартномаси мавжудлигидан фойдаланиб, қизимни АҚШда даволатишга ҳаракат қилишликни тавсия этди.  Мен дарҳол бу тавсия бўйича ҳаракатга тушдим. Ниҳоят, Тошкент шаҳар Ҳокимининг қабулига ёзилишга муваффақ бўлдим. Ҳоким, мулозимларнинг катта аудиторияси гувоҳлигида, Сиэтл шаҳри мэри номига хат қилиб беришга розилик бериб, хатни тайёрлаш тўғрисида ходимларига топшириқ берди. Бироқ, катта умид билан эртасига хатни олиш учун қабулхонага келсам, Ҳоким жаноблари аҳдларини бекор қилганларини айтишди. 

АҚШнинг “Green card” лотереясига биринчи бор хужжат топширишдаёқ менга ютуқ чиққанига, қизимни даволатиш йўлидаги толеимиз деб, хурсанд бўлдик. Бироқ, қизимиз бетоблигини сезиб қолишса виза беришмасачи ёки АҚШда қайтариб юборишсачи, деган ҳадиксираш ҳам бор эди. АҚШ консуллигида визани тез расмийлаштириб беришди (Билмадим, балки элчихонанинг қўллови бўлгандир. Зеро, мен бир бора элчихонанинг грантини олган эдим. Ундан ташқари, қамоқдан чиққанимда элчихонанинг 3-котиби таклиф қилиб мен билан сухбат ўтказганда, бундан-буён мени ҳимоя қилишларини айтган эди). Бироқ, икки ой мобайнида Ўзбекистондан чиқиш визасини олишга муваффақ бўлмадик, “мақсадга мувофиқ эмас” деган жавоб олавердик. Ниҳоят, Ички ишлар Вазири номига, қизимнинг даволаниши учун “вақт ғаниматлигини” тушунтириб, Тиббиёт комиссиясининг “Хорижда даволанишга муҳтож” дейилган хулосасини илова қилиб, ариза топширдим. Шундан сўнг, “мақсадга мувофиқ эмас”лиги режасини кейинга қолдиришди шекилли, чиқиш визаси беришди.  

Шундай қилиб, 2008-йил 29-июнь куни қизимизни АҚШ га олиб келдик.  

Ўн еттинчи саҳифа: Жудолик. Изтиробли армон. 

Батафсил текширув ва муолажалар ўтказилгандан кейин, 2009-йил Маликага «бегона» Донорнинг (қонидан ажратилган) «костний мозг»ини трансплантация қилишди. Кейинги даволаш жараёни ҳам узоқ давом этди. Жумладан, организм бегона “донор материал”ига қарши курашмаслиги учун, иммунитетни пасайтирувчи доимий муолажа бериб туришди. Врачлар, операция муваффақиятли ўтганини, касаллик қайталамаслигини, қизим турмуш қуриши мумкинлигини айтишган эди. 2014-йил Маликани турмушга берган эдик. Бешафқат тақдир ёзувими, минг афсуски, Маликанинг касали қайталади. Олти ой давомида, навбат билан, кечаю-кундуз Ҳоспиталда Маликанинг ёнида бўлдик. Америкада медицина жуда қиммат бўлишига қарамай, қизимни қутқариш-даволаш учун тиббиёт имкониятида бўлган ҳамма чора кўрилди, тиббий муолажаларнинг барча харажати суғурта ҳисобидан қопланди. Бироқ, бу даҳшатли касаллик қайталаганда тиббиёт ночор экан. 2015-йил 6-май куни Малика вафот этди. 

 Қизимизга қондошидан ДОНОР топаолмаганимиз ҳам биз учун бир умрга изтиробли армон бўлиб қолди. 

Ўн саккизинчи саҳифа: Янги даврдаги мурожаатларим. 

Президент Каримов вафотидан кейин, “Дунё ўзбеклари” сайтида, ёшлик суратларимиз билан, туғруқхонада алмашиб қолган фарзандимизни қидираётганимиз ҳақида эълон бердим. Шунда, бошқанинг фожиасига бефарқ бўлмаган айрим юртдошлар далда беришиб, мени Президентга мурожаат қилишга ундашди. Ва мен, умидворлик билан биологик фарзандимизни топишга ёрдам сўраб, Президент порталига очиқ мурожаат йўлладим. Мурожаатимга Тошкент шаҳар прокуратурасидан асосланмаган рад жавобини олдим. Жавобнинг асоссизлигини кўрсатиб қайта мурожаат қилдим. Такрор мантиқдан йироқ жавоб йўллашди. Бу жараён кўп бора бесамар такрорлангач, “столбани ҳам қамашдан тоймайдиган айрим мулозимлар” босим ўтказиш йўлига ўтишди ва мен прокурорлар билан “мунозара қилишни” тўхтатишга мажбур бўлдим.  

Ўн тўққизинчи саҳифа: Исбот – далиллар. 

Холислик бўлса, фарзандимиз ҳақиқатда алмаштириб қўйилганига аниқ ишонч ҳосил қилиш усули кўп:  

1). Суратларни солиштириш ҳам экспертизада қўлланиладиган усул ҳисобланади. Раҳматлик қизимиз Маликанинг суратини бизнинг ва Селембоевларнинг мос ёшдаги суратларимиз билан таққослаб  кўрган бирор соғлом холис инсонда, бизнинг қизимиз Селембаева Фередейнинг биологик фарзанди бўлганига шубҳаси қолмайди.  Зеро, туғруқхонада ёнма-ён туғруқ столида кўзи ёриган, мутлақо бегона (эрлари томонидан ҳам қариндошлиги йўқ бўлган) икки аёлдан бирининг қизи иккинчи аёлга «қуйиб қўйгандек» ўхшаш бўлиши мумкин эмаслигини ҳамма тушунади. 

2). Холис экспертлар, Фередейдан ДНК анализ олиб Маликанинг мазкур ДНК анализига таққослаш орқали аниқ хулоса беришлари мумкин.

3). Ҳоспиталда операцияга тайёрлаш жараёнида текширилган Малика қонининг генетик анализи менда сақланган. У асосида ҳам экспертлар бизнинг ёки Фередейнинг қон намуналарини генетик анализ қилиш ва таққослаш орқали хулоса бериши мумкиндир. 

4). 2001 йил 29-март санаси билан расмийлаштирилган 957/12Д сонли экспертиза хулосасининг ноаниқ-мужмаллиги, уни тайёрлаш жараёни (экспертиза ҳужжатида кўрсатилганига кўра) 13 кунга  чўзилгани, фақат ва фақат, экспертиза натижаси атайлаб сохталаштирилганини билдиради. Зеро, юқорида эслатиб ўтганимдек, Ўзбекистон Олий судининг Пленумининг қарорида  ҳам, ДНК экспертизаси ота-оналик ва фарзандликни аниқ белгилаб бериш имкониятига эгалиги таъкидланган. Демак-ки, экспертиза аслида қизимиз бизнинг биологик фарзандимиз эмаслигини кўрсатган. Прокурорлар ва судялар бу оддий мантиқдан, албатта, кўз юмишди. 

5) Селембаева Фередейнинг аризаси бўйича суриштирув ишини олиб борган Юнусобод туман Прокурори ёрдамчиси Отабек Қосимов ҳамда Шайхонтоҳур туманлараро судида ишни биринчи бор олиб борган, кейинчалик шаҳар аппеляция судида ишни кўришда раислик қилган ва Шайхонтоҳур туманлараро суди Ҳал қилув қарорини бекор қилиб ишни қайта кўришга қайтарган судя Д.Абдуқодирова бизнинг даъвоимиз асосли эканига гувоҳлик беришса керак, деб ўйлайман. Менинг назаримда, улар адолат йўлида қатъиятли инсонлар бўлишган.

Йигирманчи саҳифа: Фарзандимизни топишга бошланғич ёндошув. 

Ваколатли мулозимлар ёрдам беришни исташса, биологик  фарзандимизни топиш катта қийинчилик туғдирмайди, деб  ўйлайман: Биринчи ёндошишда, Тошкент шаҳридаги 3-туғруқхонада 1987 йил март ойининг 18-23 кунлари оралиғида  туғилганларни аниқлаш, сўнгра уларнинг балоғат ёшидаги  суратларини бизнинг ёшлик суратларимизга қиёслаб кўриш лозим (ҳатто, 19-22 март кунлари туғилганлар билан кифояланиш мумкиндир); сўнгра, «тахмин қилиш мумкинларининг»  суратларини ота-оналарининг мос суратларига таққослаш лозим;  

иккала таққослашда «тахминга яқин келганларнинг» турли суратларини олиб бизнинг суратларга қайта солиштириш керак; шу таққослашлардаёқ текширувга «номзод» кўриниб қолиши мумкин; бу «номзод»нинг ДНК сини онасининг ДНК си билан холисона таққослаш кутилган натижани берса, у ҳолда «номзод»нинг ДНК сини менинг аёлимнинг ДНК си билан холисона солиштириш «номзод» биз қидираётган инсонми-йўқми, деган саволга жавоб  беради. Бу, ҳеч бир оила шаънига завол келтирмайдиган, биринчи ёндошувдир. Албатта, иш фаолиятида чигал масалалар билан кўп  тўқнашган ҳуқуқшунос мутахассислар хоҳласалар излашнинг осонроқ йўлини топаолсалар керак деб умид қиламан. 

29.03.2024  

Ф.-м.ф.д. Собир Тўлаган

In

One response

  1. Sobira Avatar

    Ассалому Алайкум кадирли ватандош Аллох рози булсин сизлардан нима дейишга тилим ожиз Аллох буюк бир кун келиб хакикат уз урнини топиб уз фарзандингизни куриш насиб килсин
    Улуг аём рамазон ойида дуолар ижобат булсин ИншаАллох

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan