(Шарафсизлик урчиган жамиятда, иймонлилигига умид қилганингиз фирибгар чиқиши “мўъжиза” эмас!)
Азиз Юртдошлар (Замондошлар), ушбу мақолада профессор Хидирназар Аллакуловнинг бир “инсонийлик” қилмиши баён этилади. Мазкур қилмишни малакалаш, қўштирноққа олинган баъзи атамаларни қилмишга мос қўштирноқсиз атамаларга алмаштириш ва сарлавҳани тўлдириш сизларнинг иҳтиёрингизга ҳавола.
1.СОБИҚ РЕКТОР АЛЛАКУЛОВ БИЛАН ТАНИШУВ
Мен бу домлани интернетда у ҳақида эълон қилинган айрим материаллар орқали билганман. Айтилишича, Хидирназар Аллакулов ректорлиги вақтида мафиоз мулозимларга сўзсиз итоат этишга кўнмагани (кўниши, исталган вақтда тортилиши мумкин бўладиган, ўзига сиртмоқ ҳам тайёрлаш бўлур эди) оқибатида судланган ва ноҳақ ишдан ҳайдалган. У, судларда 14 бор ғолиб чиқади, ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб хатто БМТга мурожаат этади. Мен Хидирназар Аллакуловнинг бу курашини, Ўзбекистон учун, мисли кўрилмаган нотабиийлик ва қатъиятлик намунаси сифатида қабул қилдим (балки аслида, таъсири кучли инсон қўллови ёки тақдирнинг қандайдир “сирли кулиб боқиши” ёҳуд йўл қўйилган “демократия ўйини” бўлгандир, чунки “эски” Ўзбекистоннинг судьялари Янги Ўзбекистоннинг судьялариданда адолатлироқ бўлган эмас). Мен ҳам олий таълимдаги коррупцияга қарши очиқ курашиб кўп жабрланганман, ишдан ҳайдалганман, Тоштурманинг тузини тотишга ҳам тўғри келган. Ҳақ – ҳуқуқимни ҳимоя қилмоқчи бўлиб, мулозимларга кўп норозилик билдириб судлашганман. Шу нуқтаи назардан, мен собиқ Ректорни маслакдош ҳисобладим, сиртдан ҳурмат қилдим. “Адабиёт” газетасининг “сохта” деб аталмиш сонларида бу “маслакдошим”га ва ёзувчи Жаҳонгир Муҳаммадга қарши туҳмат мақолалар эълон қилинганида, газетанинг бу сонлари қандай уюштирилгани таҳлилини эълон қилдим, Аллакуловни ҳимоя қилиб фикр билдирдим. Ҳозирда ҳам унинг сиёсий ҳаракатига мен хайрихоҳман (бироқ, лидер буткул ҳалол бўлмаса, шахсий ҳудбинлигини халқ манфаати ниқобига яширган бўлса, ҳаракатни халқ орзу қилган манзилга етаклашига ишониш қийин).
2. ИККИ ЗАМОНАВИЙ ҚУРИЛГАН УЧАСТКА-ҲОВЛИНИ ХАЛҚ “ОЁҒИ ОСТИГА ТАШЛАНГАНИ” ҲАҚИДАГИ “ЯНГЛИШ” ДАЪВО
Туғруқхонада алмаштириб қўйилган фарзандимни топиб, ота-онасини танитишдек Аллоҳ фарзини адо этиш орзуим Янги Ўзбекистонда ҳам саробга айланаётгани кўриниб қолган, ҳаётимнинг якуний давридаман. Бу даврда, сарлавҳадаги саволга сабаб бўлган, профессор Хидирназар Аллакуловнинг “инсонийлик” қилмиши оғирлик қилаётган бўлсада, у ноиложлик оқибати эмасмикан деган мулоҳаза, уни ошкор этишликдан мени тийиб турган эди. Бироқ, Хидирназар Аллакуловнинг шу йил 29- январь кунги YouTube да “Мирзиёев атрофидагиларнинг мулки уммон бўлса, меники томчи (1-қисм)” деб номланувчи кўрсатувда айтган “янглиш” даъвоси, унинг мазкур “инсонийлик” қилмиши моҳиятини равшанлаштирди.
Домланинг айтишича, ўзлари қурдиришган иккита 6 сотихли замонавий янги участка ҳовлилари бўлган экан (29-январ куни айтилишича, иккита квартираларини сотиб пулига шундай икки участкани қуришган. Бир кун кейин эшитилишича, иккита квартираларини давлатга топширишиб ўрнига иккита 6 сотиҳли ер майдони олинган ва кўп йиллар давомида қуриб битқазишган бўлган). 2021 йили шу иккала участкани сотиб, пулини “халқнинг оёғи остига ташлашибди” (партия тузиш ҳаракатидаги ҳаражатларга сарфлангани назарда тутилаябди).
Аслида, бу каби гаплар мени қизиқтирадиган мавъзу эмас (Атрофида обиҳаво ўзгариши мумкинлигини ҳис этиб, бу участкаларни ишончли қариндошлари номига, “олди-сотди шаклида”, ўтказиб қўйиш каби, бирор эҳтиёт чора кўриб қўйиши Домланинг ҳақ-ҳуқуқи эмасми?). Бироқ, айнан шу даъво, Домланинг бизга қилган “инсонийлик” қилмишидаги ҳолатларга мутлақо зид келади. Бу даъво, ўша “инсонийлик” қилмишнинг асл моҳиятини аниқроқ англашга имкон беради.
Ҳақиқатан, кўп бора такидлашларича, партия ташаббус гуруҳи йиғилиши учун, уч бора жой танланиб ижара ҳақи тўланган. Бироқ, ҳар гал жой эгалари ҳизмат кўрсатишдан бош тортишган, лекин ижара ҳақини қайтаришмаган. Партия “офиси” учун ва офиснинг синдирилган жиҳозлари учун харажат бўлган. Бу харажатлар ва яна бўлиши мумкин бўлган бошқа харажатлар жами қандай суммани ташкил қилиши мумкин? Сотилган замонавий иккита участка ҳовлиларнинг пули, ўша ҳаражатларга етмай қолган бўлиши мумкинми? Тошкентдаги уй-жойлар нарҳи тўғрисида озгина тасаввурга эга бўлган инсон, зикр этилган участкалардан бирининг нарҳи ҳам, партия тузиш ҳаракатида кетган у ҳаражатларнинг бирнеча ўн каррасига етишини тасаввур қилаолади. Ундан ташқари, Хидирназар Аллакуловнинг «ХАЛҚ УЙИ» ташкил қилиш тўғрисидаги мурожаатида айтилганига ишонилса, биринчи галги партия тузиш ҳаракати ташаббус гуруҳи ичида “молини ҳам, жонини ҳам аямайдиган” фаоллар бўлган. Қандайдир жарималарни тўлай олишмагани туфайли, МИБ ходимлари Домланинг хўжалик жиҳозларини мусодара қилишгани интернетда (адашмасам) 2022 йили намойиш этилган эди. Яна бир қанча тўловлар 2023 йилнинг февралигача муддатида тўланмагани учун, 2023 йили феврал ойида Домланинг мулкларини мусодара қилиш учун, МИБ ходимлари унинг уйига келгани интернетда намойиш этилган ган. Ўшанда Домла қандай маблағ ҳисобига мусодарадан қутилганини ҳам қуйида баён этамиз. Асосийси, 2021 йил оҳирида (санаси хотирамда йўқ, балки 2022 йил бошларида) Домла $25000 қарз олишга “мажбур бўлган” ва бу қарзни ундириш бўйича 2023 йилнинг феврал ойида Суднинг Ҳал қилув қарори чиққанида ҳам, қарорни ижроси учун нақд пули бўлмай, яна қарз сўрагани бор ҳақиқат. Энди холис фикрлаб кўрайлик, Домла иккита замонавий қурилган ҳовли – жойини сотган бўлса, нахотки улар пулидан (солиқ, жарима тўловлари ва ҳоказо эҳтиёжлар учун) ҳеч қанча олиб қолмай, борини “халқ оёғи остига” қандай ташлаган бўлиши мумкин? Иқтисодиёт университети домлалари, “қаерда иқтисод қилишни” яхши билишлари билан ҳам машҳур ҳисобланишган. Қолаверса, Домла Аллакулов иқтисод фанлари доктори даражасига эга бўлган олим. Оллоҳ фикрлашдан ожиз этмаган инсон, домла Аллакулов иккита участканинг пулини хомталаш қилиб юборганига асло ишонмайди. Демак, Хидирназар Аллакуловнинг 29-январ кунги чиқишида қилган ДАЪВОСИ “ЯНГЛИШ”!
Мен, Домланинг участка – ҳовлилари сотилмай қолганига ёки улар “халқнинг оёғи остига ташланмаганига” асло ҳасад қилаётганим йўқ. Мен, унинг даъвоси “чалғитиш”дан иборатлигини кўрсатиш билан, унинг бизга қилган «ИНСОНИЙЛИК» қилмиши чорасизлик оқибати эмаслигини далиллаяпман халос. Ўша участка ҳовли-жойлар Домланинг ўғилларига атаб қурилган бўлса керак, илоҳим уларга буюрсин! (Аллоҳ менинг хулқимни ҳасад қусурлигидан мосуво қилиб яратганига доим шукроналик келтираман. Бу гап мақтаниш эмас. Қолаверса, ҳасадгўй одамлар ҳам ёши 80 га етганида бу қусурликдан кечган бўлади, деб ишонгим келади.) Бу ерда гап, Домла ўша олган $25000 қарзини тўлашга маблағ топиш учун амалга оширган “ИНСОНИЙЛИК” қилмишида кетаяпти! Энди, ўша қилмишни баён этаман.
3.ПРОФЕССОР АЛЛАКУЛОВНИ “ҚИЙИН ВАЗИЯТДА ҚОЛДИРГАН” ҚАРЗИ.
Хидирназар Аллакулов 2022 йилнинг декабр ойида менга мурожаат қилиб, Фуқаролик судининг ажримлари ва ҳужжатларини юборди. Домланинг имзоси турган бир ҳужжатда, 6 ойда қайтариш шарти билан, йигирма беш минг АҚШ доллари ($25000) қарз олгани акс этган бўлиб, қарзни қайтариш муддати ярим йил аввал ўтиб кетган эди. Суднинг ажримларида, қарзни ундириш ҳақидаги даъво ариза Суд иш юритувига олингани ва қарзни қайтариш кафолати сифатида Хидирназар Аллакуловнинг квартираларига “ҳибс” эълон қилингани такидланган эди.
Суд жараёни бошланмаган бўлсада, қарзни ва суд ҳаражатларини ундириш ҳақида Ҳал қилув қарори чиқиши аниқ эди. Домла, кутилаётган Суд қарори ижроси учун маблағ топиш ташвишида, мендан ёрдам сўради. Мен, ишламаслигимни, ижарада туришимизни, қарилик нафақасига яшашимни айтиб, қарз беришга имконим йўқлигини билдирдим. Бу масалада Профессор бирнеча бор қайта мурожаат қилди. Домла, шогирдларимданми ёки ошна-оғайниларимданми қарз олиб беришимни илтимос қилди. Мен, АҚШда ака-укадек бўлиб кетган ошналарим йўқлигини айтдим. У, мендан бошқа ёрдам сўрайдиган одами йўқлигини айтиб, вазиятдан чиқиб олиши учун банкдан кредит уюштириб беришимни сўради. Кредит қайтимини ойма-ой эмас, балки тез кунда бир йўла тўлиқ қайтаражагини такидлади.
4. АЛЛАКУЛОВНИ, ИНСОН ЖАЗМ ЭТМАЙДИГАН УСУЛДА, ҚИЙИН ВАЗИЯТДАН ҚУТҚАРДИК
Мен маблағга муҳтож бўлганимда (қизимни узатишда) яшаётган квартирамизни сотиб ота ҳовлига кўчиб борганмиз, АҚШга кетишимизда (консуллик тўловлари ва йўл ҳаражати учун) акамдан қарз олганман. Умримда бошқа одамдан қарз сўраган ҳам эмасман. Албатта, қурби етган инсонлар ишонган кишисига қарз бериши, хатто хадя бериши мумкин. Аммо, ўзининг имкони бўлмай туриб, қарз сўраётганни қўллаш учун бошқалардан қарз олиб беришга, бошқа инсон номига банкдан кредит олиб беришга жазм қилувчи инсонни топиш қийин бўлса керак.
Мен, профессор Аллакуловнинг субутига ишондим, унинг зорланишларига ва тушиб қолган вазиятига бефарқ бўлаолмадим. Набирам ва фарзандларим норози бўлишаётганига қарамай, собиқ ректорни вазиятдан қутқариш учун, унга, инсон жазм қилмайдиган усулда, ёрдам беришга аҳд қилдим. Шу мақсадда, телеграмдаги гуруҳимизга, “2-3 минг доллар қарз бериши мумкин бўлган бродарлар ҳабар беришини сўрайман, Аллоҳ мени ҳузурига олгудек бўлса ҳам, қарзларни 3 ойдан кечикмай қайтарилишига кафолат бераман” деб, эълон қўйдим (бу эълоннинг скриншотини Муҳаммад Аминга жўнатганман). Бирнеча улфатдошим (қарз сўрашим сабабини суриштирмай) ҳиммат кўрсатишди. Қарз сифатида йиғилган пулларни Хидирназар Домлага (аниқроғи, Домланинг Акром исмли куёвига, жами $12000) жўнатиб турдим.
2023 йили 21-феврал куни “YouTube”да намойиш этилган “воқеа”дан англашилича, Хидирназар Аллакулов қандайдир тўловларни муддатида тўламаган бўлиб, МИБ ходимлари тўловларни ундириш учун Домланинг уйига келади. Домла, МИБ ходимларининг кўз ўнгида, фарзандини банкка юбориб, тўловларни намойишкорона тўлашга муваффақ бўлади. Яъни Домла, $25000 қарз бўйича Суд қарори ижросини таъминлаш мақсадида жўнатган маблағимиз туфайли, бу гал уй жиҳозларини мусодара бўлишдан асраб қолади.
Аммо, $25000 қарзни ва Суд ҳаражатларини қоплашга етарли маблағ топиш масаласи ҳали муаммо эди. Банкларнинг кредит бериш критериясини, албатта, менинг кредит “рейтингим” қаноатлантирмади. Домла, кўпинча, Франсияда яшаётган Муҳаммадамин Эрматов орқали мен билан мулоқат қилар эди. Банкдан кредит олиб бериш масаласида танишларга мурожаат қилмоқчи эканимни айтиб, кредит қандай муддатда қайтарилажагини ваъда қилишим лозимлигини (Муҳаммадамин орқали) Домладан сўрадим. Эртасига, “3 ой етарли” эканини айтишди.
Кредит олиб бериш масаласида кўп танишлардан имкониятларини сўрадим (бу мурожаатим учун кўплар мендан ранжиб қолишди). Ниҳоят, розилик берган олийҳиммат бир Бродарим билан банкларга мурожаат қилабошладик. “Santander” банки бу Бродаримга, йиллик 18,3% фоиз ставкаси билан, $15000 кредит беришга рози бўлди (ўта зарурат туфайли ва қисқа муддатда қайтариш мақсадида олинаётгани учун, кредитнинг фоиз ставкаси бизни қизиқтиргани йўқ, албатта банк шартномасини тақдим этишим мумкин). Мен, бу Бродаримга, ўз номимдан нотариус орқали тилхат ёзиб бердим (тилхатнинг фото нусҳасини Муҳаммад Аминга ҳам кўрсатганман). 2023 йилнинг 5-март куни бу Бродарим банкдан нақд $15000 олишга муваффақ бўлди ва 7-март куни бу маблағни профессор Аллакуловга (аниғи, унинг куёви Акромга) етказиб бердик.
Интернетда намойиш этилган кўрсатувдан маълум бўлишича, Суд қарорининг ижро муддати тугашидан кейинги кун (адашмасам, 8-март куни) МИБ ходимлари гуруҳи Хидирназар Аллакуловнинг уйига ташриф буюради. Профессор, МИБ ходимлари ҳузурида, фарзандини банкка “югуртириб”, $25000 қарз бўйича Суд қарорини намойишкорона ижро этади. Шундай қилиб, биз юборган маблағ туфайли, Домла Аллакулов оғир бир вазиятдан чиқиб олди.
5.БИЗНИНГ ИНСОН ЖАЗМ ЭТМАЙДИГАН ҚЎЛЛОВИМИЗГА, ХИДИРНАЗАР ДОМЛАНИНГ “ОЛИЙЖАНОБЛАРЧА” ЖАВОБИ
Қўлловимиз собиқ ректор учун самара берганидан, мен ҳам, банкдан кредит олиб берган олийжаноб Бродарим ҳам қониқиш ҳосил қилдик. Бизнинг бу қўлловимизни, балки кимлардир эътиборга арзигулик ҳисоблашмас. Аммо, суд қарори ижросини муддатидан бир кун ўтиб бажаргани учун, Домла қўшимча $1000 жарима тўлаганини ҳисобга олинса, профессор Аллакулов учун кутилаётган қандайдир ноҳушликлар, бизнинг самимий ҳаракатимиз туфайли, бартараф бўлганини таҳмин қилиш мумкин.
Афсуски, бизнинг мамнунлигимиз узоқ давом этмади. Мен қарзларни 3 ой муддатда қайтариш шарти билан йиғганимни юқорида айтиб ўтган эдим. Бу муддат ўтди, 4 ой ҳам ўтди, 5 ойдан ҳам ошди, лекин профессор Аллакуловдан қарзни қайтариш борасида садо чиқмади. Бу орада қарз берган Бродарлар безовта бўлабошлашди. Банкдан кредит олиб берган Бродарим, кредит рейтинги тушиб кетгани туфайли ҳеч бир иши битмай қолаётганини айтиб, норозилик билдирабошлади. “Ҳеч бўлмаса, кредитнинг 5 минг доллорини тезликда қайтарсам, рейтингим тикланар эди” деб, “илтимос” қилди. Муҳаммадаминга телефон қилиб, бу гапларни Домлага етказишни сўрадим.
Ниҳоят, 9 август куни Хидирназар Аллакулов мен билан боғланиб, бир телефон номерни берди. “Ака, шу йигитга телефон қилинг, ҳозир $5000 ўтказиб беради сизга, сизнинг руҳсатингизни олмасдан телефонингизни унга беришни лозим топмадим”, деди. 19-август куни Домлага, “у йигитиз бетайинроқ экан” деган, ҳабар юбордим. Профессор реаксия қилмади. 31-август куни телеграм орқали Домлага, гаплашишимиз зарурлигини ёзиб юбордим. Реаксия бўлмади. 10-сентабрда телефон қилиб кўрдим, домла жавоб бермади.
6.ПРОФЕССОР АЛЛАКУЛОВНИНГ ТУШИНАРСИЗ ҲАРАКАТЛАРИ
Мурожаатларимга Домла жавоб бермади. “Чора тополмай қолаяпман, сиз билан маслахатлашишим керак” деб, бирнеча бор Домлага ёзиб юбордим. Домлага етказинг деб, кўп бора Муҳаммадаминга мурожаат қилдим. Бир гал Муҳаммад Амин, – Домла билан мулоқатда бўлганларга кучли тазйиқ бўлаётган эмиш, шунинг учун Домла сиз билан алоқага чиқмаётган эмишла, – деди. Яна бир гал, – Вазият ёмон эмиш, Сафар Бегжон бир “гап” тарқатибди, сизга салбий таъсири бўлмасин деб, Домла сизга телефон қилмаётган эканла, – деди. “Суд қарори ижросини таъминлаш мақсадида қарз берганлар учун, бу ғалати гаплар қандай мантиққа эга бўлиши мумкин? Ёки бу, фирибга кўнмаганга товламачилик услубини қўллаб кўришмикан?”, деб ўйладим. Ҳар қалай, бу важлар нима мақсадда айтилаётганини аниқ тушинаолмадим.
Домла мендан ёрдам сўраб илтижо қилгандаги ваъдаларига кўра, кўчмас мулклари ҳибсдан чиқарилганда, квартиралардан бирини сотиб қарзидан қутилиши мумкин ва лозим эди. Аммо, у қарзларни қайтаришни шарт деб ҳисобламади. (Хидирназар Аллакулов, 2024 йилнинг 29-январ кунги чиқишида, ўша квартираларидан иккитасини тортиб олишганини айтди. Сурхандарёдаги кўчмас мулки борасидаги ноҳақликларни ҳужжатлар билан қайта-қайта далиллаб келаётган бўлсада, бу икки квартираси қандай важлар билан тортиб олинганига тўхталмади.)
Гаплашиш учун 5-ноябр кунини танлаб, Домлага “таклиф” юбордим. Гаплашдик, қарз берганларга етказишим учун, қарзни қайтаришга бирор муддат белгилашни сўрадим. У муддат белгиламади, “қаттиқ ҳаракат қилажагини” айтиш билан кифояланди.
22-декабр куни профессор Аллакуловга телефон қилдим, (унинг субутига ишониб, қарз берганлар олдида ўзим субутсиз бўлиб қолаётганим ҳақида) эътирозларимни айтабошлаган эдим, у тоқатсизланди. Ўзининг телефони орқали гаплашаётгани туфайли, суҳбатни “бошқалар” эшитишаётган бўлиши мумкинлигидан хавотирда эди чоғи. “Қарз масаласини Муҳаммад Аминга тайинлаганини, Муҳаммад Амин ва икки ўғли оилалари билан Франсияда эканини, улар масалани ҳал қилиб беришини, ўзи кечқурун қайта телефон қилишини айтиб, у суҳбатни узди. Лекин, у кечқурун ҳам, кейин ҳам телефон қилмади.
Бир гал, “беш минг доллар ҳозир ўтказиб беради” деб бир бетайин йигитнинг телефонини бергани каби, қарзни Муҳаммад Амин тўлаб беради дейиши навбатдаги бетайинлик эди. Ҳақиқатда, Муҳаммад Амин ва унинг фарзандлари ҳали қўлловга муҳтож эканликларидан, улар Францияда ишлаш ҳуқуқига эришиш жараёнида эканликларидан Домла ҳабардор бўлган. Хатто, Тошкентдаги қизи бошига тушган молиявий муаммо туфайли, Муҳаммад Амин 2022 йилнинг октабр ойида, қисқа вақтда қайтариш шарти билан, мендан $2000 қарз олган бўлган. Муҳаммад Аминнинг айтишича, бундан ҳабар топган Хидирназар Аллакулов, ўша пулнинг $1500 ни Муҳаммад Аминдан сўраб олган (Дарҳақиқат, бир гал Домла, гап орасида, Муҳаммад Амин мендан қанча қарз олганини сўраган эди. Унинг бу қизиқиши мени ҳайрон қолдирган эди). Оқибатда, қарз олганига 14 ой бўлган бўлсада, Муҳаммад Амин ҳали уни қайтара олмаган эди (У, 2024 йилнинг 9-феврал куни, қарзининг $1000 ини қайтарди).
Нияти пок, Аллоҳга ишонувчи инсон, олган қарзини дарҳол “ҳужжатлаштириб” қўяди. Профессор Аллакулов шу инсоний қоидага ҳам риоя қилмади (балки, “аввалги ҳолдаги каби хатоликка йўл қўймайин, судга мурожаат қилишга имкон бўлмасин”, деб ўйлагандир).
Менинг илтимосимга кўра, Муҳаммадамин Эрматов Домланинг куёви Акромга боғланиб, ундан (бизнинг жўнатганларимиз бўйича) қўлига олган пулларни ёзиб беришни сўради. Бироқ, у ёзиб бермабди (албатта, Домла руҳсат бермаган бўлса керак).
Шу эътирозларимни хатга тушириб ва ушбу воқеани эълон қилишим мумкинлигига ишора бериб, телеграм канали орқали 26-декабр куни уни Домла Аллакуловга юбордим. Домла жавоб бермади.
7.СОБИҚ РЕКТОР НИЯТИНИ ОЧИҚЛАБ ҚЎЙДИ
29-декабр куни кечқурун профессор Аллакуловга телефон қилдим. Бир соатлар ўтиб (Тошкентда 30-декабр куни) у жавоб берди. Мен, табиийки, қарз берганлар олдидаги мажбуриятни бажариш лозимлиги, қандайдир важлар келтириш мажбуриятни бажармасликка асос бўлаолмаслиги ҳақида, юқорида келтирган эътирозларимни тушинтирмоқчи бўлдим. У, қарзларни қайтармаганидан ҳижолат билдирмади, балки уни табиий ҳол сифатида урғулади ва ўз қийинчиликлари ҳақида гапирди. У, “сизлар (мен, банкдан кредит олиб берган ва қарз берган бродарларни назарда тутаётган эди) халқ учун, халқ манфаати учун ҳаракат қилгансилар”, деди. Бир жумла билан у, шу вақтгача намоён этилган (юқорида баён этганим) бебурдликлар асосида унинг “ШАРАФЛИЛИГИ” ётганини ошкор этди. Воқеа баёни билан танишган ҳар бир ҳолис инсонга, унинг бу фикри хатó экани равшан. Аммо, бу гап Домланинг фитратидан чиққан ишончи бўлса, у ҳавотирга арзигулик. Унинг ҳавотирга арзигулиги шундаки, бундай фикрлаш, мулкдорларнинг мол-мулкини тортиб олиб ўзларини “сибир қилинган” давр каби, мудҳиш даврларни оқлашга етаклайди.
8.ПРОФЕССОР ХИДИРНАЗАР АЛЛАКУЛОВГА ЙЎЛЛАГАН ОҲИРГИ МУРОЖААТИМ
Шаҳсий олган қарзини халқ манфаатига тўнкаши, ҳавотирли фикр эканини баён этиб ва биз юборган маблағлар билан бирга кредитнинг ойма-ой тўланаётган фоиз тўловларини ҳам қайтариш мажбурияти ҳақида нотариал тилхат ёзиб беришлик лозимлигини такрор эслатиб, 2024 йилнинг 6-куни Домла Аллакуловга оҳирги мурожаатимни йўлладим. Бу гал, Домла тилхат беришдан бўйин товлаёлмаслиги аниқ эди. Зеро, (қарз берганларга кўрсатишим учун) Акром олган пулларини ёзиб беришдан бош тортгач, (“жўнатмалрни барчасини ўзим биламанку”, деб) Муҳаммад Аминни ўзи тилхат ёзиб берган эди. Муҳаммад Аминнинг “тилхат”идан Домла ҳабар топган эди. Шунинг учун, олган қарзларига тилхат беришдан энди бош тортиш беҳуда эканини, хатто, қилмиши “ҳунукроқ” малакаланишга сабаб бўлишини Домла яхши билади, албатта.
Кутганимдек, 7-январ куниёқ Домла, салом-аликни насия қилиб, менга тилхат ёзиб жўнатди. Унда, “Сурхондарё … даги мулкимни Суд тақиқидан ечиб, сотилган пулидан қарзимни қайтариш шарти билан, Сиздан 2023 йил март ойида $25000 қарз олганман” дейилган. Мазкур мулк бўйича, ҳозирда суд жараёни давом этаётгани айтилган. Бир сўз билан айтганда, “имконият бўлганда қайтариш шарти билан қарз олганман”, деган иддаони билдираяпти Домла. Воқеани бу даражада “янглиш” баён этиш учун, одам ўта “қатъиятли” бўлиши керак. Шу маънода, профессор Хидирназар Аллакуловнинг “қатъиятига” қойил қолмасдан иложи йўқ. Аммо, собиқ Ректор, “янглиш” гап мантиққа ва фактларга дош бермаслигини унутаётгани афсусга лойиқ!
11.04.2024
Ф.-м.ф.д. Собир Тўлаган
Fikr bildirish