Мазкур мақола “Адабиёт” газетасининг 2024-yil 25-iyul, 13-14 (100) сони [HAVOLA] 6-7 бетларида, таҳририятга қилинган мурожаат билан бирга, қуйидагича эълон қилинган.
“АДАБИЁТ” ГАЗЕТАСИ ТАҲРИРИЯТИГА!
Ҳурматли таҳририят, илгари газетангизда менинг бир оилавий фожиам билан боғлиқ мурожаатим чоп этилган эди. Бу сафар мен, бир учи газетангизда эълон қилинган шов-шувли фельетонга “бориб тақаладиган”, халқимиз хабардор бўлиши муҳим бўлган бошқа бир масалада сизларга юзланишни лозим деб топдим.
Барча миллатларда, жамиятларда турли даражадаги инсонлар бўлади. Жазо муқаррарлиги бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқига тажовузкорларни жиловлаб туриш омилидир. Аслида, қонунларимизда жиноятни оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатлар ҳам назарда тутилган. Менга қолса, фирибгарлик-товламачилик қилганнинг “ўқимишлилар” қатламиданлиги жиноятни оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланиши лозим. Уларга нисбатан қонунлар қатъий қўлланиши керак. Шу билан бирга, уларнинг қилмишини матбуот орқали халққа ошкор этиш лозим. Бу бир томондан инсонларни алдамчиликдан тийилишга ундаса, иккинчи тарафдан омма ҳам танитилган фирибгар-товламачи “тузоғига илинишликдан” огоҳлантирилган бўлади.
Ҳурматли муҳаррир, газетангизнинг 2020 йил 5 март сонида эълон қилинган “Ўзбекистонни БМТда шарманда қилган депутат Сафар Остоновга очиқ хат” сарлавҳали фельетонингиз жатиятимизда анча шов-шувли кечган эди. Ушбу мақолангиз орқали, кейинчалик “Америка овози” ва “Озодлик” радиолари мухбирлари Аллақулов билан ўтказган суҳбатлари орқали республика жамоатчилиги гўёки жабрдийда, Термиз давлат университетининг собиқ ректори, иқтисод фанлари доктори профессор Хидирназар Аллақулов билан яқиндан танишди. Жумладан мен ҳам.
Маълум бўлишича, Хидирназар Аллакулов ректорлиги вақтида мафиоз мулозимларга сўзсиз итоат этишга кўнмагани оқибатида судланган ва ноҳақ ишдан ҳайдалган. У судларда 14 бор ғолиб чиқади, ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб ҳатто БМТга мурожаат этади. Мен Хидирназар Аллакуловнинг бу курашини, Ўзбекистон учун, мисли кўрилмаган нотабиийлик ва қатъиятлик намунаси сифатида қабул қилдим (балки аслида, тақдирнинг қандайдир “сирли кулиб боқиши” бўлгандир, чунки “эски” Ўзбекистоннинг судьялари Янги Ўзбекистоннинг судьялариданда адолатлироқ бўлган эмас). Чунки мен ҳам олий таълимдаги коррупцияга қарши очиқ курашиб кўп жабрланганман, ишдан ҳайдалганман, Тоштурманинг тузини тотишга ҳам тўғри келган. Шу нуқтаи назардан, мен собиқ ректор Аллакуловни ўзимга маслакдош деб ҳисобладим, сиртдан уни ҳурмат қилдим. Юқорида эслаганларимиздан ташқари ҳам Аллақулов ҳақидаги кўп чиқишларда, у жамият, миллат тараққиёти, давлатнинг келажагини тинимсиз ўйлайдиган ва бу йўлда молини ҳам, жонини ҳам аямайдиган ҳалол зиёли сифатида гавдаланган эди. Очиғи, Аллакуловнинг яратилган шу образига мен ишондим. Кўп ўтмай профессор билан йўлларинг айро тушганига ҳайрон ҳам бўлган эдим. У ҳақида яратилган образга ишонганим хато бўлганини 2023 йилга келиб фирибгарлик қилмиши билан Аллақуловнинг ўзи исботлаб қўйди. Шу йилнинг апрель ойида, “sharafburchi.com” блогимда, “Профессор аллақулов шарафлими ёки …?” сарлавҳа остида бу фирибгарликни “сиз-сизлаб” баён этиб, таҳлилий хулоса чиқаришни ўқувчига ҳавола қилган эдим. Бироқ, Аллақуловга ишонганлар мен каби жабрланмаслиги учун, бу фирибгарликнинг таҳлилини келтириб унга Бош Прокуратура эътиборини қаратиш зарур кўринади.
КЎРНАМАКЛИК
I.ФИРИБГАРЛИК
- Қарзини ёпиш учун Аллақулов қарз топишга ёрдам сўради
Хидирназар Аллакулов 2022 йилнинг декабр ойида менга мурожаат қилиб, Фуқаролик судининг ажримлари ва ҳужжатларини юборди. Домланинг имзоси турган бир ҳужжатда 6 ойда қайтариш шарти билан, йигирма беш минг АҚШ доллари ($25000) қарз олгани акс этган бўлиб, қарзни қайтариш муддати ярим йил аввал ўтиб кетган эди. Суднинг ажримларида, қарзни ундириш ҳақидаги даъво ариза Суд иш юритувига олингани ва қарзни қайтариш кафолати сифатида Хидирназар Аллакуловнинг квартираларига “ҳибс” эълон қилингани такидланган эди.
Суд жараёни бошланмаган бўлсада, қарзни ва суд ҳаражатларини ундириш ҳақида Ҳал қилув қарори чиқиши аниқ экан. Домла кутилаётган Суд қарори ижроси учун маблағ топиш ташвишида, мендан ёрдам сўради. Мен ишламаслигимни, ижарада туришимизни, қарилик нафақасига яшашимни айтиб, қарз беришга имконим йўқлигини билдирдим. Бироқ бу масалада профессор бир неча бор қайта мурожаат қилди. Домла шогирдларимданми ёки ошна-оғайниларимданми қарз олиб беришимни илтимос қилди. Мен АҚШда ака-укадек бўлиб кетган ошналарим йўқлигини айтдим. У, мендан бошқа ёрдам сўрайдиган одами йўқлигини айтиб, вазиятдан чиқиб олиши учун банкдан кредит уюштириб беришимни сўради. Кредит қайтимини ойма-ой эмас, балки тез кунда бир йўла тўлиқ қайтаражагини таъкидлади.
- Аллақуловга инсон жазм этмайдиган усулда ёрдам беришга аҳд қилдим
Мен маблағга муҳтож бўлганимда (қизимни узатишда) яшаётган квартирамизни сотиб ота ҳовлига кўчиб борганман, АҚШга кетишимизда (консуллик тўловлари ва йўл ҳаражати учун) акамдан қарз олганман. Бошқа бирор одамдан умримда қарз сўраган ҳам эмасман. Албатта, қурби етган инсонлар ишонган кишисига қарз бериши, ҳатто маблағ хадя этиши мумкин. Аммо имкони бўлмай туриб, қарз сўраётганни қўллаш мақсадида бошқалардан қарз олиб беришга ёки бошқа инсон номига банкдан кредит олиб беришга жазм қилувчи инсонни топиш қийин бўлса керак.
Мен профессор Аллақуловнинг субутига ишондим, унинг зорланишларига ва тушиб қолган вазиятига бефарқ бўла олмадим. Набирам ва фарзандларим норози бўлишаётганига қарамай собиқ ректорни вазиятдан қутқариш учун унга инсон жазм қилмайдиган усулда ёрдам беришга аҳд қилдим. Шу мақсадда, телеграмдаги гуруҳимизга, “2-3 минг доллар қарз бериши мумкин бўлган биродарлар хабар беришини сўрайман, Аллоҳ мени ҳузурига олгудек бўлса ҳам, қарзларни 3 ойдан кечикмай қайтарилишига кафолат бераман” деб, эълон қўйдим. (Бу эълоннинг скриншотини. Аллакулов билан мулоқотимизга воситачилик қилаётган, ҳозирда Францияда яшаётган Муҳаммад Аминга жўнатганман). Бир неча улфатдошим (қарз сўрашим сабабини суриштирмай) ҳиммат кўрсатишди. Қарз сифатида йиғилган жами $12000 маблағни Хидирназар домланинг илтимосига кўра, унинг Акром исмли куёвига етказиб бердик.
2023 йили 21-феврал куни “YouTube”да намойиш этилган “воқеа”дан англашилича, Хидирназар Аллақулов қандайдир тўловларни муддатида тўламаган бўлиб, МИБ ходимлари тўловларни ундириш учун домланинг уйига келади. домла МИБ ходимларининг кўз ўнгида фарзандини банкка юбориб тўловларни намойишкорона тўлашга муваффақ бўлади. Яъни домла $25000 қарз бўйича Суд қарори ижросини таъминлаш мақсадида жўнатган маблағимиз туфайли, бу гал уй жиҳозларини мусодара бўлишдан асраб қолади.
Аммо $25000 қарзни ва Суд ҳаражатларини қоплашга етарли маблағ топиш масаласи ҳали муаммо эди. Банкларнинг кредит бериш критериясини, албатта менинг кредит “рейтингим” қаноатлантирмади. Банкдан кредит олиб бериш масаласида танишларга мурожаат қилмоқчи эканимни айтиб, кредит қандай муддатда қайтарилажагини ваъда қилишим лозимлигини (Муҳаммадамин Эрматов орқали) Домладан сўрадим. Эртасига “3 ой етарли” эканини айтишди.
Кредит олиб бериш масаласида кўп танишлардан имкониятларини сўрадим (бу мурожаатим учун кўплар мендан ранжиб ҳам қолишди). Ниҳоят розилик берган олийҳиммат бир биродарим билан банкларга мурожаат қила бошладик. “Santander” банки бу биродаримга, йиллик 18,3% фоиз ставкаси билан, $15000 кредит беришга рози бўлди (ўта зарурат туфайли ва қисқа муддатда қайтариш мақсадида олинаётгани учун кредитнинг фоиз ставкаси бизни қизиқтиргани йўқ). Мен бу биродаримга (у сўраган бўлмасада) ўз номимдан нотариус орқали тилхат ёзиб бердим. 2023 йилнинг 5-март куни бу биродарим банкдан нақд $15000 олишга муваффақ бўлди ва 7-март куни бу маблағни профессор Аллақуловнинг Акром исмли куёвига етказиб берди.
Интернетда намойиш этилган кўрсатувдан маълум бўлишича, Суд қарорининг ижро муддати тугашидан кейинги кун (адашмасам, 8-март куни) МИБ ходимлари гуруҳи Хидирназар Аллақуловнинг уйига ташриф буюради. МИБ ходимлари ҳузурида Аллақулов фарзандини банкка “югуртириб”, $25000 қарз бўйича Суд қарорини ижро этади. Шундай қилиб, биз юборган маблағ туфайли, Домла Аллакулов оғир бир вазиятдан чиқиб олади.
- Бизнинг инсон жазм этмайдиган қўлловимизга Хидирназар домланинг АБЛАҲОНА жавоби
Қўлловимиз собиқ ректор учун самара берганидан мен ҳам, банкдан кредит олиб берган олийжаноб биродарим ҳам қониқиш ҳосил қилдик. Бизнинг бу қўлловимизни балки кимлардир эътиборга арзигулик ҳисобламас. Аммо Аллақулов суд қарорини ижро муддатидан бир кун ўтиб бажаргани учун қўшимча $1000 жарима тўлагани ҳақида интернетга жар солгани ҳисобга олинса, бизнинг самимий ҳаракатимиз туфайли, кутилаётган нохушликлар бартараф бўлганини тахмин қилиш мумкин.
Афсуски, қилган ёрдамимиздан мамнунлигимиз узоқ давом этмади. Мен қарзларни 3 ой муддатда қайтариш шарти билан йиғганимни юқорида айтиб ўтган эдим. Бу муддат ўтди, 4 ой ҳам ўтди, 5 ойдан ҳам ошди, лекин профессор Аллакуловдан қарзни қайтариш борасида садо чиқмади. Бу орада қарз берган биродарлар безовта бўла бошлашди. Банкдан кредит олиб берган биродарим кредит рейтинги тушиб кетгани туфайли ҳеч бир иши битмай қолаётганини айтиб, норозилик билдира бошлади. “Ҳеч бўлмаса, кредитнинг 5 минг доллорини тезликда қайтарсам, рейтингим тикланар эди” деб, “илтимос” қилди. Муҳаммадамин Эрматовга телефон қилиб, бу гапларни Аллақуловга етказишни сўрадим. Ниҳоят, 9 август куни Хидирназар Аллақулов мен билан боғланиб, бир телефон номерни берди. “Ака, шу йигитга телефон қилинг, ҳозир $5000 ўтказиб беради сизга, сизнинг рухсатингизни олмасдан телефонингизни унга беришни лозим топмадим”, деди. 19-август куни домлага, “телефон номерини берган одамингиз бетайин экан” деган хабар юбордим. Профессор реакция қилмади. 31-август куни телеграм канали орқали домлага, гаплашишимиз зарурлигини ёзиб юбордим. Яна реакция бўлмади. 10-сентябрда телефон қилиб кўрдим, Аллақулов жавоб бермади.
- Профессор Аллақуловнинг мақсадини аниқ тушуниш қийин бўлди
Қайта-қайта мурожаатларимга домла Аллакулов жавоб бермади. “Чора тополмай қолаяпман, сиз билан маслахатлашишим керак” деб, бирнеча бор Хидирназар Аллақуловга ёзиб юбордим. Домлага етказинг деб, кўп бора Муҳаммадамин Эрматовга мурожаат қилдим. Бир гал Муҳаммадамин, – домла билан мулоқотда бўлганларга кучли тазйиқ бўлаётган эмиш, шунинг учун домла сиз билан алоқага чиқмаётган эмишлар, – деди. Яна бир гал, – вазият ёмон эмиш, Сафар Бегжон бир “гап” тарқатибди, сизга салбий таъсири бўлмасин деб, Хидирназар ака сизга телефон қилмаётган эканлар, – деди. “Суд қарори ижросини таъминлаш мақсадида қарз берганлар учун бу ғалати гаплар қандай мантиққа эга бўлиши мумкин? Ёки бу, фирибга кўнмаганга товламачилик услубини қўллаб кўришмикан?”, деб ўйладим. Ҳар қалай бу важлар нима мақсадда айтилаётганини аниқ тушуна олмадим.
Аллакулов мендан ёрдам сўраб илтижо қилгандаги ваъдаларига кўра, Суд қарори бўйича қарз ва Суд ҳаражатини тўласа, квартиралари “ҳибсдан” чиқарилади ва биздан олган қарзи ва банк кредитини тўлалигича қайтариши кўзда тутилган эди. Аммо у қарзларни қайтаришни шарт деб ҳисобламади. Гаплашиш учун 5-ноябр кунини танлаб, Домлага “таклиф” юбордим. Гаплашдик, қарз берганларга етказишим учун қарзини қайтаришга бирор муддат белгилашни сўрадим. У муддат белгиламади, “қаттиқ ҳаракат қилажагини” айтиш билан кифояланди холос.
22-декабрь куни Аллакуловга қўнғироқ қилдим. Унинг субутига ишониб, қарз берганлар олдида ўзим субутсиз бўлиб қолаётганим ҳақидаги эътирозларимни айта бошлаган эдим, у тоқатсизланди. Ўзининг телефони орқали гаплашаётгани туфайли, суҳбатни “бошқалар” эшитишаётган бўлиши мумкинлигидан хавотирда эди чоғи. “Қарз масаласини Муҳаммад Аминга тайинлаганини, Муҳаммад Амин ва икки ўғли оилалари билан Францияда эканини, улар масалани албатта ҳал қилиб беришини, ўзи кечқурун қайта телефон қилишини айтиб, суҳбатни узди. Лекин, у кечқурун ҳам, кейин ҳам телефон қилмади.
Бир гал “беш минг доллар ҳозир ўтказиб беради” деб бир бетайин йигитнинг телефонини бергани каби, қарзни Муҳаммад Амин тўлаб беради дейиши навбатдаги алдамчилик эди. Чунки, Муҳаммад Амин ва унинг фарзандлари ҳали қўлловга муҳтож эканликларидан, улар Францияда ишлаш ҳуқуқига эришиш жараёнида эканликларидан Аллақулов ўша вақтда хабардор бўлган. Ҳатто, Тошкентдаги қизи бошига тушган молиявий муаммо туфайли, Муҳаммад Амин 2022 йилнинг октябрь ойида, қисқа вақтда қайтариш шарти билан, мендан $2000 қарз олган бўлган. Муҳаммад Аминнинг айтишича, бундан хабар топган Хидирназар Аллакулов, ўша пулнинг ҳам $1500 ни Муҳаммад Аминдан сўраб олган. Оқибатда, қарз олганига 14 ой бўлган бўлсада, Муҳаммад Амин ҳали ўз қарзини қайтара олмаган эди. (Ҳатто, бугунги кунгача Муҳаммадамин қарзининг $1500 ни қайтара олди, $500 ни ҳали бера олгани йўқ.)
Нияти пок, Аллоҳнинг бандаси эканини унутмаган инсон олган қарзини дарҳол “ҳужжатлаштириб” қўяди. Профессор Аллақулов шу инсоний қоидага ҳам риоя қилмади (балки, “аввалги ҳолдаги каби хатоликка йўл қўймайин, судга мурожаат қилишга имкон бўлмасин”, деб ўйлагандир).
Менинг илтимосимга кўра, Муҳаммадамин Эрматов Аллакуловнинг куёви Акромга боғланиб, ундан (бизнинг жўнатганларимиз бўйича) қўлига олган пулларни ёзиб беришни сўради. Бироқ, у ёзиб бермабди (албатта, Домла рухсат бермаган бўлса керак).
Шу эътирозларимни хатга тушириб ва ушбу воқеани эълон қилишим мумкинлигига ишора бериб, телеграм канали орқали 26-декабр куни уни Аллакуловга юбордим. У жавоб бермади.
- Собиқ ректор ниятини ошкор этиб қўйди
29-декабрь куни кечқурун профессор Аллақуловга телефон қилдим. Бир соатлар ўтиб (Тошкентда 30-декабр куни) у жавоб берди. Мен, табиийки, қарз берганлар олдидаги мажбуриятни бажариш лозимлиги, қандайдир важлар келтириш мажбуриятни бажармасликка асос бўлаолмаслиги ҳақида, юқорида келтирган эътирозларимни тушунтирмоқчи бўлдим. У қарзларни қайтармаганидан ҳижолат билдирмади, балки уни табиий ҳол сифатида урғулади ва ўз қийинчиликлари ҳақида гапирди. У, “сизлар (мен, банкдан кредит олиб берган ва қарз берган биродарларни назарда тутаётган эди) халқ учун, халқ манфаати учун ҳаракат қилгансизлар”, деди. Бир жумла билан шу вақтгача намоён этиб келаётган бебурдликлари асосида унинг “МУТТАҲАМЛИК ҚИЛИШ НИЯТИ” ётгани ошкор этди. Воқеа баёни билан танишган ҳар бир ҳолис инсонга, унинг бу важи ҳеч бир қолипга сиғмаслиги равшан. Аммо бу гап Аллақуловнинг фитратидан чиққан ишончи бўлса, у хавотирга арзигулик ҳолат. Унинг ҳавотирга арзигулиги шундаки, бундай фикрлаш, инсонларнинг мол-мулкини тортиб олиб ўзларини “сибир қилинган” каби, мудҳиш ҳолатларни оқлашга етаклайди.
- Профессор Аллақуловга йўллаган охирги мурожаатим
Шахсий олган қарзини халқ манфаатига тўнкаши хавотирли фикр эканини баён этиб ва биз юборган маблағлар билан бирга кредитнинг ойма-ой тўланаётган фоиз тўловларини ҳам қайтариш мажбурияти ҳақида нотариал тилхат ёзиб беришлик лозимлигини такрор эслатиб, 2024 йилнинг 6-январь куни Аллақуловга охирги мурожаатимни йўлладим. Профессор бу гал тилхат беришдан бўйин товлаёлмаслиги аниқ эди. Зеро, (қарз берганларга кўрсатишим учун) Акром олган пулларини ёзиб беришдан бош тортгач, (“жўнатмаларнинг барчасини ўзим биламанку”, деб) Муҳаммад Аминнинг ўзи тилхат ёзиб берган эди. Муҳаммадаминнинг “тилхат”идан Аллакулов ҳабар топган эди. Шунинг учун, олган қарзларига тилхат беришдан энди бош тортиши фирибгарлик мақсадининг аниқ исботи сифатида малакаланишини Аллақулов домла яхши билган албатта.
Кутганимдек, 7-январ куниёқ Домла, салом-аликни насия қилиб(!), менга тилхат ёзиб жўнатди. Унда, “Сурхондарё … даги мулкимни Суд таъқиқидан ечиб сотсам қарзимни қайтариш шарти билан, Сиздан 2023 йил март ойида $25000 қарз олганман” дейилган эди. Мазкур мулк бўйича, ҳозирда суд жараёни давом этаётгани ҳам айтилган. Бир сўз билан айтганда, энди “имконият туғилганда қайтариш шарти билан қарз олганман”, деган иддаони билдира бошлади собиқ ректор. Инсон бу даражада ёлғон гапираолиши учун ўта “қатъиятли”, жайдари тилда айтганда ўта сур бўлиши керак. Шу маънода, профессор Хидирназар Аллақуловнинг “қатъиятига” қойил қолмасдан иложи йўқ. Аммо, собиқ Ректор ёлғон гап мантиққа ва фактларга дош бермаслигини унутган кўринади!
II. ТУҲМАТ
- Икки замонавий участка-ҳовлини халқ оёғи остига ташлаш
Туғруқхонада алмаштириб қўйилган фарзандимни топиб, ота-онасини танитишдек Аллоҳ фарзини адо этиш орзуим Янги Ўзбекистонда ҳам саробга айланаётгани кўриниб қолган ҳаётимнинг якуний давридаман. Бу даврда, профессор Хидирназар Аллакуловнинг фирибгарлик қилмиши менга ҳам моддий, ҳам маънавий оғирлик қилаётган бўлсада, қилмиши чорасизлик оқибати эмасмикан деган мулоҳаза, уни ошкор этишликдан мени тийиб турган эди. Бироқ, Хидирназар Аллакуловнинг шу йил 29- январь кунги YouTube да “юқоридагиларнинг мулки уммон бўлса, меники томчи (1-қисм)” (https://www.youtube.com/watch?v=GU76GEGB5OM&t=303s) деб номланувчи кўрсатувида халққа қилган туҳмати унинг менга қилган фирибгарлик қилмиши моҳиятини ҳам ойдинлаштирди.
Ўша чиқишида Хидирназар Аллақуловнинг айтишича, ўзлари қурдиришган иккита 6 сотихли замонавий янги участка ҳовлилари бўлган экан (29-январь куни эшитилгани бўйича, иккита квартираларини сотиб пулига шундай икки участкани қурдиришган экан. Бир кун кейин тингланганда эшитилишича, иккита квартираларини давлатга топширишиб ўрнига иккита 6 сотихли ер майдони олинган ва кўп йиллар давомида қуриб битқазишган бўлган). Шу чиқишида Аллақуловнинг даъво қилишича, “2021 йили шу иккала участкани сотиб, пулини халқнинг оёғи остига ташлаган эмиш” (партия тузиш ҳаракатидаги ҳаражатларга сарфлангани назарда тутилаябди).
Профессор Аллақуловнинг бу даъвоси ёлғон, халққа қилинган туҳмат эканига қуйида мен далиллар келтираман. Айтилаётган участкаларнинг ўша вақтдаги ҳақиқий нархлари қанча бўлган, сотилган бўлса қанчага сотилган, пулининг қанча қисми “халқнинг оёғи остига ташланган” ёки олди-сотди шаклида формал расмийлаштириб қўйилганми, бу саволларга ойдинлик киритиб халқни ҳабардор қилишликни Республика Бош прокуратураси эътиборига ҳавола этаман.
- Профессор Аллақуловнинг даъвоси ёлғон-туҳмат эканига далиллар
Аслида, бу каби гаплар мени қизиқтирадиган мавзу эмас Бирор нуқтаи назардан, бу участкаларни ишончли қариндошлари номига “олди-сотди шаклида” ўтказиб қўйиш каби эҳтиёт чора кўриб қўйиш Домланинг ҳақ–ҳуқуқи. Бироқ, айнан шу даъво, Аллақуловнинг бизга қилган “фирибгарлик” қилмишидаги ҳолатларга мутлақо зид келади. Бу даъво, ўша қилмишнинг асл моҳиятини аниқроқ англашга имкон беради.
Ҳақиқатан, кўп бора такидлашларича, биринчи ҳаракатдаги партия ташаббус гуруҳи йиғилиши учун, уч бора жой танланиб ижара ҳақи тўланган. Бироқ, ҳар гал жой эгалари хизмат кўрсатишдан бош тортишган, лекин ижара ҳақини қайтаришмаган. Партиянинг икки-уч кун ишлаган “офиси” учун ва офиснинг синдирилган жиҳозлари учун харажат бўлган. Уйига келган фаолларга дастурхон ёзилгандир, бензинга сарф бўлгандир ва ҳоказо. Бу харажатлар ва яна бўлиши мумкин бўлган бошқа харажатлар жаъми қандай суммани ташкил қилиши мумкин? Сотилган замонавий иккита участка ҳовлиларнинг пули ўша ҳаражатларга етмай қолган бўлиши мумкинми? Тошкентдаги уй-жойлар нархи тўғрисида озгина тасаввурга эга бўлган инсон зикр этилган участкалардан бирининг нархиям, партия тузиш ҳаракатида кетган ҳаражатларнинг бирнеча ўн каррасига етишини тасаввур қила олади. Ундан ташқари, Хидирназар Аллақуловнинг «ХАЛҚ УЙИ» ташкил қилиш тўғрисидаги мурожаатида айтилганига ишонилса, биринчи галги партия тузиш ҳаракати ташаббус гуруҳи ичида “молини ҳам, жонини ҳам аямайдиган” фаоллар бўлган.
Бошқа томондан қандайдир жарималарни тўлай олишмагани туфайли, МИБ ходимлари Домланинг хўжалик жиҳозларини мусодара қилишгани интернетда (адашмасам) 2022 йили намойиш этилган эди. Яна бир қанча тўловлар 2023 йилнинг февралигача муддатида тўланмагани учун 2023 йили феврал ойида МИБ ходимлари тўловларни ундириш учун Хидирназар Аллақуловнинг уйига ташриф буюргани интернетда намойиш этилган эди. Ўшанда собиқ Ректор биз юборган маблағ ҳисобига мусодарадан қутулганини юқорида баён этдик. Асосийси, 2021 йил охирида (санаси хотирамда йўқ, балки 2022 йил бошларида) Домла $25000 қарз олишга “мажбур бўлган” ва бу қарзни ундириш бўйича 2023 йилнинг феврал ойида Суднинг Ҳал қилув қарори чиққанида ҳам, қарор ижроси учун нақд пули бўлмай, биз қарз ва банкдан кредит уюштириб берганимизни батафсил баён этдик.
Энди холис фикрлаб кўрайлик, Домла иккита замонавий қурилган ҳовли – жойини сотган бўлса, нахотки улар пулидан (солиқ, жарима тўловлари ва ҳоказо эҳтиёжлар учун) ҳеч қанча олиб қолмай, борини “халқ оёғи остига” қандай ташлаган бўлиши мумкин? Иқтисодиёт университети домлалари “қаерда иқтисод қилишни” яхши билишлари билан ҳам машҳур ҳисобланишган. Қолаверса, Домла Аллақулов иқтисод фанлари доктори даражасига эга бўлган олим. Оллоҳ фикрлашдан ожиз этмаган инсон, домла Аллақулов иккита участканинг пулини хомталаш қилиб юборганига асло ишонмайди. Демак, Хидирназар Аллақуловнинг 29-январ кунги чиқишида қилган ДАЪВОСИ ҒИРТ ЁЛҒОН! Демакки, у ХАЛҚҚА ТУҲМАТ ҚИЛАЯПТИ!
Мен Хидирназар Аллақуловнинг участка – ҳовлилари сотилмай қолганига ёки улар “халқнинг оёғи остига ташланмаганига” асло ҳасад қилаётганим йўқ. Мен унинг даъвоси ёлғон, халққа-туҳмат эканини кўрсатиш баробаринда, бизга қилган ФИРИБГАРЛИК қилмиши чорасизлик оқибати эмас, балки аввалбошдан муттаҳамгарчилик мақсадига қаратилган тадбир бўлганини далиллаяпман. Ўша участка ҳовли-жойлар Домланинг ўғилларига атаб қурилган бўлса керак, уларга буюрсин! (Аллоҳ менинг хулқимни ҳасад қусурлигидан мосуво қилиб яратганига доим шукроналик келтираман. Бу гап мақтаниш эмас. Қолаверса, ҳасадгўй одамлар ҳам ёши 80 га етганида бу қусурликдан кечган бўлади, деб ишонгим келади.)
Фаол юртдошларимиз шу ҳақиқатни ҳам хотирадан узоқлаштирмасликлари керакки, лидерликка даъвогар буткул ҳалол бўлмаса, шахсий худбинлигини халқ манфаати ниқобига яширган бўлса, ҳаракатни халқ орзу қилган манзилга етаклашига ишониб бўлмайди!
Собиқ ректор, профессор Хидирназар Аллақуловнинг юқорида баён этилган қилмишлари синчков ўрганилиб, қонун устуворлиги таъминланишини Бош Прокуратура назоратга олади деб умид қиламан.
Ҳурматли, бош муҳаррир. Биламан, “Адабиёт” газетаси Ўзбекистондаги энг журъатли газета ҳисобланади. Мен, жамият кўзини ёғлаб, ижтимоий тармоқларда ўзини покдо- мон қилиб кўрсатаётган профессор Хидирназар Аллақулов аслида бир фирибгар эканини шу газета орқали халқимизга ҳужжатлар асосида далиллаб бергим келди. Агар Прокуратура Аллақуловнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳоватпешалик даъвосини, яъни “икки ҳовлисини сотиб пулини халқнинг оёғи остига ташлагани” иддаосини текшириб чиқса, бу иддао халққа қуруқ туҳмат эканини ва бизга қилган қилмиши аввалбошдан режалаштирилган фирибгарлик экани исботланган бўлади. Журъатли газетада ушбу мақолани эълон қилишга журъатингиз етишмагудек бўлса, лоақал мухбирлик бурчингизга кўра, унда баён этилган маълумотларни текшириб кўриш учун Республика Бош Прокуратурасига йўллайсиз деб, умид қилиб қоламан.
Ҳурмат билан,
Физика-математика фанлари доктори, профессор Собир ТЎЛАГАНОВ.
АҚШ, Нью-Йорк шаҳри 7/22/2024
Fikr bildirish